Ҳикматлар хазинаси
Тақво аҳллари
Осим ибн Ҳамза дедилар: «Али ибн Абу Толибнинг ҳузурларига кириб, у зотни ғамгин ҳолда кўрдим ва: “Аллоҳ таоло сизга ғам-ташвишни кўрсатмасин!” дедим. Шунда у зот: “Етти кундан бери меҳмон келмайди, шу туфайли Раббим мени хор қилмаса деб қўрқаман!” дедилар…»
Аллоҳ таоло тақво аҳлларига жаннатни ваъда қилди ва деди: «Муттақийларга (Аллоҳнинг амрларига мувофиқ яшайдиган ва қарши боришдан сақланадиган зотларга) ваъда қилинган жаннатнинг сифати (будир): унда (ҳеч хусусияти) бузилмаган сувдан анҳорлар, таъми ҳеч ўзгармаган сутдан анҳорлар, ичган кишиларга (ҳар он) лаззатлар бахш этувчи шаробдан анҳорлар ва мусаффо асалдан анҳорлар бордир. Ва унда барча мевалар ва яна Рабби тарафидан бир мағфират улар учундир. Бу зотлар ул дўзахда абадий қоладиган ва ичакларини тилка-пора қилувчи қайноқ сув ичириладиган кимсалар каби бўлурми?!» (Муҳаммад сураси, 15-оят).
Муттақийларнинг – тақво аҳлининг бир неча аломатлари бордир.
Айтилдики: “Муттақий шундай кишики, у ўз нафсини шаҳватлардан, қалбини ғафлатдан, ҳалқумини ҳаром лаззатлардан, аъзоларини гуноҳлардан, сиррини (кўнглини) офатлардан сақлайди, бас, ана шунда унинг Ер ва осмонлар Холиқи дийдорига эришуви умид қилинади”.
Яна айтилдики: “Муттақий шундай кишики, ошкора ва махфий ҳолларда Аллоҳдан қўрқади, дўзахга тушиб қолишдан қўрқиб, ғаму ташвишда яшайди”.
Қуръондаги ваъдалар кимларга?
Биринчи, мўминларга; иккинчи, саҳобаларга; учинчи, мужоҳидларга; тўртинчи, байъат аҳлларига; бешинчи, муҳибларга; олтинчи, муттақийларга.
Мўминлар мағфиратни топдилар, саҳобалар нусратни, мужоҳидлар эҳсонни, аҳли байъатлар ўлжаларни, муҳиблар рўъятни (Аллоҳнинг жамолини жаннатда кўришни), муттақийлар жаннатни топдилар. Умид қиламизки, маъсият аҳллари ҳам раҳматдан узоқ бўлмайдилар.
Хабарда келадики: “Раҳмат бир чироққа ўхшайдики, ундан бошқа чироқлар ёндирилади, у камаймайди”. Шунга ўхшаб, раҳмат ҳамма итоатлиларга ва осийларга етади, лекин камаймайди.
Хабарда келадики: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кун масжидларида ўтирган эдилар, масжид деворига бир қуш келиб қўнди, унинг тумшуғида бир бўлак хардалли лой бор эди. Қуш бир қичқирди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, бу ҳақда сўралганида жавоб бердилар: “Бу қуш айтадики, мен бу лой билан Қулзум денгизини лойқалата олмаганим каби умматларингизнинг гуноҳлари Аллоҳнинг раҳматини ўзгартира олмайди”. Чунки Аллоҳнинг раҳмати денгиздан кенгдир. Гуноҳлар эса, Аллоҳнинг наздида бу лойдан ҳам кичикдир. Раҳмат – Мавлонинг сифати, гуноҳ – банданинг сифати, банданинг сифати Мавлонинг сифатидан ғолиб бўла олмайди».
Охират мукофоти яхшироқдир
Аллоҳ таолонинг сўзи: «Имон келтирганлар ва тақво қилганлар (Аллоҳнинг амрларига мос яшаганлар) учун охират мукофоти, албатта, яхшироқдир».
Ажр икки қисм бўлади, дунё ажри ва охират ажри. Дунё ажрининг боқийлиги фано билан бирга, вафоси жафо билан бирга, атоси машаққат билан биргадир. Охират ажри эса, вафоси жафосиздир, атоси чексиз-тўсиқсиздир, висоли фироқсиздир. Дунёнинг ажри машаққат билан бақамти, охиратни истаган ва тақво қилганлар учун охират мукофоти яхшироқдир.
Шайх Аҳмад Ғаззолийнинг “Баҳрул маҳабба” асаридан Мирзо КЕНЖАБЕК ва
Абдумажид ИСҲОҚ таржимаси.