Имоми Аъзам – улуғ муҳаддис
Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ буюк фақиҳ, улуғ муҳаддис, мужтаҳид ва мужаддид имом бўлган.
Муҳаммад Абy Заҳв айтади: “Афсуски, баъзилар Имом Абy Ҳaнифани оз ҳадис билган деб ҳисоблашади. Ҳолбуки, бутун мусулмонлар Имом Абу Ҳанифанинг мужтаҳидлигини эътироф этишган. Зотан, мужтаҳидликнинг шартларидан бири Қуръони каримни ва Пайғамбаримиз соллаллоҳy алайҳи ва салламнинг ҳадисларини, уларнинг маъноларини тўлиқ вa чуқур билишдир”.
“Ал-ҳадис вал муҳаддисун” китобида Mуҳаммад Mаҳмуд Xоразмий айтади: «Шомда Имоми Аъзамнинг мақомларини билмаган жоҳилларнинг у зотга нисбатан “оз ҳадис билади”, деган сўзларини эшитдим. Бу гап менинг ҳамиятимни қўзғади. Имоми Аъзам ривоят қилган ҳадисларни уламолар ўн беш муснадга жамлашган. Mен улардан исноди такрорланмаган ҳадисларни териб, фиқҳ бобларига ажратиб, бир муснад қилдим».
Имоми Аъзам: «“Улар ҳам, биз ҳам одаммиз”, деган сўзларининг моҳиятини англамай мужтаҳидликни даъво қилувчи нодонлар учун барча уламолар бир овоздан эътироф этган “Мужтаҳид олим даражасининг шартлари”ни айтиб ўтган. Жумладан:
1. Қуръони каримни тўла ёд олиб, уни яхши тушуниши, унинг турли қироатларини билиши, тафсир илмини ўрганиб, муҳкам, муташобиҳ, носих ва мансух оятларни ажрата олиши, Қуръон қиссаларини батафсил билиши зарур.
2. Ҳадис илмини эгаллаб, мутавотир, саҳиҳ, саҳиҳ бўлмаган, муттасил, мунқотеъ, мурсал, муснад ва заиф ҳадисларни ажрата билиши шарт.
3. Мужтаҳид араб тилини мукаммал билиши зарур.
4. Ўзидан олдин ўтган уламо ва фуқаҳолар ихтилоф қилган масалаларни жуда яхши билиши керак.
5. Тақводор бўлиб, ҳаёт тарзини Қуръони карим ва суннати набавияга асослаган бўлиши шарт.
Имоми Аъзамнинг “Китобус солат” (Намоз ҳақида китоб), “Китобул маносик” (Ҳаж тартиблари ҳақида китоб), “Китобуш шурут” (Шартномалар китоби), “Китобул фароиз” (Мерос илми ҳақида китоб), “Китобул олим вал мутааллим” (Устоз ва шогирд ҳақида китоб), “Китобул фиқҳил акбар” (Улуғ фиқҳ китоби), “Китобул васия” (Васиятнома китоби), “Китобул муснад” (Ҳадисга оид китоб) каби ўнлаб асарлари бўлиб, баъзиларини ўзлари таълиф этган бўлсалар, айримлари шогирдлари томонидан у зотнинг тавсия ва фатволари асосида тасниф этилган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп ҳадисларини ёд билган. Ҳасан ибн Зиёд Имоми Аъзам шахсан ўзи тўрт минг ҳадис ривоят қилган, деб ёзган. Бу хусусда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Менда ҳадис тўла сандиқлар бўлса-да, улардан фақат оз қисмини – зарурларини чиқардим”, деб эътироф этган.
Имоми Аъзамнинг “Муснад” асари жуда қимматли манба. Аввало, бу китоб Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида “оз ҳадис билади”, “раъйни ҳадисдан устун қўяди” каби асоссиз фикрлар ва бу гапларни ташиб юрувчилар учун раддиядир.
Иккинчидан, “Муснад”ни диққат билан ўқиган киши Имоми Аъзамнинг нақадар бағрикенг, айни чоғда динимиз равнақи учун ўта ҳарис олим бўлганини билиб олади. Айниқса, Имоми Аъзам Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу каби улуғ саҳобалардан илм ўргангани боис Қуръони карим оятларининг нозил бўлиш сабабларини жуда яхши билган.
Учинчидан, бу китобда намозга оид бир неча баҳсли масалалар ҳақида асосли жавоблар ёзилган. Масалан, ифтитоҳ такбирида қўлларнинг қулоқлар юмшоғигача кўтарилиши, намозда имомнинг қироати жамоат учун кифоя қилиши, “Омин”нинг махфий айтилиши каби масалаларни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳар томонлама асослаб берган. Бу китобдан олинган фойда хато фикрларни сувда эриган туздек йўққа чиқаради.
Ушбу “Муснад” 1985 милодий, 1405 ҳижрий йилда Ливиянинг Байрут шаҳрида Мулла Али Қори Ҳанафий ёзган шарҳи билан бирга босилган. Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоси Мулла Али Қори “Муснад”га алоҳида меҳр билан ёндашиб, сўзларни луғат ва наҳв қоидалари билан шарҳлаш баробарида 53 бобдан иборат алоҳида-алоҳида шарҳ битган.
Аввало, Абу Ҳанифанинг устози Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим Ашъарий ҳақида муҳим маълумотлар бериб, “Муснад”нинг мақомини ишончли даражага кўтарган. “Муснад”да жами 665 та ҳадис келтирилган.
Биринчи ҳадисда Абу Ҳанифа Ҳаммод ибн Абу Сулаймон Муслим Ашъарийдан ҳадис иснодини зикр қилди. У Иброҳимдан, у Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳудан, Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касал бўлган вақтларида олдиларига кирдилар. У зот сал кўтарилган сўри устида изхир билан қопланган бўйрада ёнбошлаб ётар эдилар. “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ! Исро билан Қайсарлар ипакларга ўралиб ётибди, сиз эса шу ҳолда ётибсиз”, деди Умар розийаллоҳу анҳу. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Умар, уларга дунё, бизга охират бўлишига рози бўлмайсанми?” дедилар. Сўнг Умар розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини ушладилар ва у зотнинг иситмаси жуда юқори экан. Умар розийаллоҳу анҳу: “Шундай иситмадан қийналасизми? Ҳолбуки, Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз-ку”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, бу умматнинг ичида оғирроқ синовга кўпроқ пайғамбар йўлиқади. Ундан сўнг уларнинг яхшироқларига, сўнгра уларнинг яхшироқларига бўлади. Сизлардан олдинги пайғамбарлар ва умматлар ҳам худди шундай бўлган”, дедилар.
Иккинчи ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша онамиз билан жаннатда бирга бўлганлари айтилади.
Учинчи ҳадисда банда жаннатда олий даражаларга етишиб, “Эй Раббим, менинг бунга яраша амалларим йўқ эди-ку”, деб ҳайрон бўлганида, унга бу даражалари балолар ва синовларга сабр қилгани туфайли берилгани айтилади.
Тўртинчи ҳадисда Ойша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан яшаганларида уч кун кетма-кет қорни тўйиб нон емаганлари, машаққатда яшаганлари ва Набий алайҳиссалом вафотларидан сўнг неъматлар кўпайиб, турмуш фаровон бўлгани айтилади.
Хуллас, ҳадис илми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган имон ва муҳаббат асосида ҳикмат ва илмга эга бўлиш мақомидир. Бу борада Имоми Аъзамнинг “Муснад” асари ҳеч қандай шубҳага ўрин қолдирмайди.
Насиба АТАБАЕВА,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
2-курс магистранти