Набий алайҳиссаломга ато этилган бошқа неъматлар
Имом Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Биринчи бўлиб жаннатдан кийим кийдириладиган зот – Иброҳим алайҳиссаломдир. Ул зотга жаннатдаги либос кийдирилади. Сўнг бир курси олиб келиниб, Аршнинг ўнг томонига қўйилади. Сўнгра мени олиб келиб, жаннат либоси кийдиришади. У маконда бошқа бирор башар турмайди”. Ушбу ҳадисга яна қуйидаги илова ҳам келади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аршнинг ўнг томонидаги курсига ўтирадилар”.
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг ҳавзим(нинг кенглиги) бир ойлик масофага тенг (келади). Унинг суви сутдан оппоқ, ҳиди мушкдан хушбўй, кўзалари эса худди осмондаги юлдузлардек кўп. Ким ундан бир марта ичса, ҳеч қачон чанқамайди”, дедилар1. Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Ҳавзнинг бурчаклари баробардир. Узунлиги худди кенглиги кабидир. Бўйи эни билан тенг”, дейилган. Имома деган ровийнинг ҳадисида қуйидаги зиёдалар бор: “Ким ундан ичса, юзи ҳеч қачон қораймайди”. Анас розийаллоҳу анҳунинг ҳадисида эса: “Ким ундан ичмаса, ҳеч қачон (сувга) қонмайди”, дейилган. Имом Термизийнинг Савбондан ривоят қилган ва Имом Ҳоким ҳам саҳиҳ деган ҳадиси шарифда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ҳавзи Кавсардан ичишга келадиганларнинг аксарияти фақир муҳожирлардир”, деб таъкидланган.
Имом Қуртубий “Тазкира” номли китобда бундай деган: «“Қут” китобининг соҳиби ва бошқа уламолар Ҳавздан сув ичиш Сирот кўпригидан ўтганидан кейин, деганлар. Бошқа уламолар эса бунинг аксини айтганлар».
Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳавзи Кавсарга жаннатдаги икки тарновдан сув қуйилиб туради”2.
Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қиёмат куни мени шафоат қилишларини сўрадим. Ул зот: “Иншоаллоҳ, шафоат қиламан”, дедилар. “Сизни қаердан топаман?” деб сўрадим. “Мени излайдиган энг биринчи жойинг Сирот кўприги устида бўлади”, дедилар. “Агар Сиротда сиз билан учраша олмасам-чи?” дедим. “Унда Мезоннинг олдидан излагин”, дедилар. “Агар у ерда ҳам сизга йўлиқмасам-чи?” дедим. “У ҳолда мени Ҳавзи Кавсар олдидан қидир. Мен бу учта макондан ўтиб кетмайман” (яъни “мени излаган, албатта шу уч макондан бирида топади”), дедилар»3.
Имом Қуртубий яна “Муфҳим” номли китобда бундай деганлар: «Ҳар бир мукаллаф инсон Аллоҳ таоло қиёматда фақат Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгагина Ҳавзи Кавсар ато этишини билиши ва тасдиқлаши шарт. Ҳавзнинг номи, сифати ва ундан ичилиши саҳиҳ ва машҳур ҳадиси шарифларда очиқ-ойдин баён қилинган. Бу хусусда келган ҳадиси шарифларнинг барчасидан қатъий илм ҳосил бўлади. Бу хусусда келган ҳадисларнинг ўттизга яқини саҳобалар томонидан ривоят қилинган бўлса, улардан йигирматадан кўпроғи Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ”ларида, қолганлари эса, бошқа ҳадис китобларида зикр қилинган. Ҳавз хусусида келган ҳадиси шариф саҳиҳдир, унинг ривояти машҳурдир. Ўша ҳадисларнинг ҳақиқатда мавжудлигига ўтмишдаги ва кейинги аҳли сунна вал жамоа уламолари ижмоъ қилганлар».
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Умматим менинг олдимга – Ҳавз бўйига (сув ичгани) келади. Мен улардан бошқаларни худди туясини ҳайдаган кишидек (сув ичишларига қўймай) ҳайдаб юбораман”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизни қандай таниб оласиз?” дейишди. У зот: “Бошқа ҳеч кимда бўлмайдиган сиймоларингиздан. У кунда юзларингиз таҳорат асаридан нурга тўлган ҳолда ҳузуримга келасизлар”, деб марҳамат қилдилар4.
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳавзимнинг тўрт тарафи бўлади. Бир тарафига Абу Бакр Сиддиқ эгалик қилади. Иккинчи тарафи Умарул Форуқнинг қўлида, учинчи тарафи Усмон Зуннурайннинг қўлида, тўртинчи тарафи эса Али ибн Абу Толибнинг қўлида бўлади. Ким Абу Бакрни яхши кўриб, Умарни ёмон кўрган бўлса, Абу Бакр ҳам унга сув бермайди. Ким Алини яхши кўриб, Усмонни ёмон кўрган бўлса, Али ҳам унга сув бермайди”, дедилар5.
Энди эса, Пайғамбар алайҳиссаломга Шафоат ва Маҳмуд мақоми берилиши ҳақида сўз юритсак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Шoядки, Раббингиз сизни (қиёмaт кунидa) мaқтoвли мaқoмдa тирилтирсa» (Исро сураси, 79-оят).
«Муфассирларнинг барчалари ояти каримадаги «шоядки» маъносини англатувчи عَسَى – (ъасаа) калимаси Аллоҳ таоло айтганида “бўлиши аниқ” деган маънони англатишига бир овоздан иттифоқ қилганлар. «Мақтовли мақом»дан мурод нималиги ҳақида эса турли фикрлар билдирилган. Воқидийнинг айтишича, муфассирлар ижмоъ қилган энг аввалги фикрга кўра, «Мақтовли мақом»дан мурод шафоат мақомидир. Бу фикрни қўллаб-қувватлайдиган саҳиҳ хабарлар ворид бўлган. Ибн Умар розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан «Мақтовли мақом» ҳақида сўрашганда: “У шафоатдир”, деб жавоб берганлар»6.
Ушбу ҳадиснинг давомида у зот: «Қиёмат куни инсонлар жамоат-жамоат бўлиб қоладилар. Ҳар бир уммат ўз пайғамбарини қидириб топиб, “Эй фалончи, бизларни шафоат қилинг”, дейди. Бу ҳолат давом этиб, ниҳоят, шафоат сўраш навбати менга етиб келади. Ана шу Мақтовли мақомдир», деганлар.
Бу фикрни машҳур азон дуоси ҳам қўллаб-қувватлайди: “Аллоҳим, ул зотни мақтовли мақомда қайта тирилтиргин”. Бу мақом аввалгилару охиргиларнинг барчаси ҳавас қиладиган мақомдир.
Иккинчи фикр ҳақида Ҳузайфа розийаллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло қиёмат куни барча инсонларни бир тепаликка жамлайди. Ўшанда бирор жон бир оғиз гапира олмайди. Энг биринчи чақириладиган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар. Ул зот чақирилганларида: “Лаббай, мана, мен Сенинг ҳузурингдаман! Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Ёмонликлар Сенга нисбат берилмайди. Ҳидоят топиш Сен ҳидоятга бошлаганинг туфайлидир. Мана, банданг Сенинг ҳузурингда. Банданг Сен сабаблидир, Сенга талпинувчидир. Бошпана ҳам фақат Сендадир. Сен баракотли ва олий Зотсан. Эй Байтнинг Рабби, Сенга тасбеҳ айтаман”, деб дуо қиладилар. Мана шу ҳолат Аллоҳ таолонинг “Шoядки, Раббингиз сизни (қиёмaт кунидa) Мaқтoвли мaқoмдa тирилтирсa” оятидан кўзланган мақсаддир»7.
Учинчи фикрга келсак, унда: «Мақтовли мақом»дан мақсад оқибати мақталадиган мақомдир”, дейилган.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг
“Икки олам сарвари” китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасидан