Уммон парламенти Исроилга қарши бойкотини кенгайтирди
Уммон парламентининг қуйи палатаси Исроилни бойкот қилиш ҳақидаги қонунни кенгайтириш учун овоз берди. Ўзгартиришлар, хусусан, ҳар қандай спорт, маданий ёки иқтисодий алоқаларни тақиқлашни назарда тутади. Тузатишлар шунингдек, исроилликлар билан шахсан ёки онлайн мулоқот қилишни ҳам тақиқлайди. Парламент вице-спикери Якуб ал-Ҳаритийнинг айтишича, тузатиш Исроилни жиноятлаштириш ва бойкот қилишни кучайтиради.
Энди ҳужжат якуний овоз беришдан олдин парламентнинг қонунчилик қўмитаси муҳокамасига тақдим этилади. “Интерфакс”нинг минтақавий ОАВларга таяниб хабар беришича, бойкот муҳокамаси Исроилнинг Уммонга мамлакат ҳудудида фуқаролик парвозларига рухсат беришга уринишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг бошида ҳам Исроил билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Саудия Арабистони Исроилга ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган, бироқ Уммон бунга қарши чиққан эди. Уммон ва Исроил расмий дипломатик алоқаларга эга эмас. Уммон ташқи ишлар вазири Сайид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий ўтган йили Исроил-Фаластин можаросини икки давлат асосида ҳал қилиш йўли амалга оширилгандан кейингина Уммон сиёсатини ўзгартиришини айтган эди.