Бир даво усули
Энг кўп ҳадис ривоят қилган етти саҳобанинг бири бўлган Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Пайғамбар алайҳиссаломнинг баъзи саҳобалари бир сафарга чиққан эдилар. Йўллари бир араб қабиласига тушди. Улардан ўзларини меҳмон қилишларини сўрадилар. Аммо улар буни истамадилар. Шу орада қабила бошлиғини заҳарли бир газанда чақиб олди. Нима чора қилсалар ҳам аҳволи ўнгланмади.
Ниҳоят ичларидан биттаси: “Биз меҳмон қилишни истамаган мана шу одамлар бор-ку, бирортангиз бориб сўраб кўринг-чи, балки уларнинг орасида бунинг чорасини биладигани бордир”, деди.
Бир неча киши уларнинг олдиларига келдилар ва “Эй жамоат! Раисимизни бир заҳарли газанда чақиб олди, давосига нима қилсак ҳам фойда бермаяпти. Ичингизда бунинг давосини биладиган бирор киши борми?” деб сўрадилар. Саҳобалардан бири (Ҳадиснинг ушбу ривоятида хабар қилинганига кўра, бу ҳодисани сўзлаб берган Абу Саид ал-Худрий): “Албатта, уни даволаш йўлини мен биламан. Бироқ сиздан бизни меҳмон қилишимизни сўрадик, қабул қилмадингиз. Энди қачонки тўловини қилсангиз, мен уни даволайман”, деди.
Савдолашдилар ва бир сурув қўйнинг эвазига шартлашдилар. Биродаримиз ўрнидан туриб улар билан бирга кетди. Ўқиб, дам солиб қабила раисини даволади. Қабиладагилар шартлашилган бир сурув қўйни бердилар.
Қайтиб келганидан кейин ҳамроҳлари ундан:
– Сен бундай даволашни билармидинг? – деб сўрадилар. У:
– Йўқ, билмасдим, фақат етти марта Фотиҳа сурасини ўқиб дам солдим, – деди.
У ердаги баъзи саҳобалар:
– Қўйларни орамизда тақсимлаб оламиз, – дедилар.
Хастани даволаган биродар эса:
– Йўқ, Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига бормагунимизча ҳеч нарса қила олмаймиз, бўлган воқеаларни у зотга сўзлаб берамиз. Қўйларни нима қилишимиз кераклигини буюрсалар ўшани қиламиз, – деди.
Мадинага қайтганларидан кейин Расулуллоҳга бўлиб ўтган воқеани тафсилотлари билан сўзлаб бердилар. Буни эшитган Расули акром беморни даволаган биродардан:
– Фотиҳанинг беморга шифо бўладиган дуо эканини қаердан билдинг? – деб сўрадилар. Ортидан эса: – Яхши қилибсизлар. Тақсимлаганда менга ҳам бир пай айиринг, – деб табассум қилдилар[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Ижара, 16; Фазоил ул-Қуръон, 9, Тиб, 39; Муслим, Салом, 65,66; Абу Довуд, Ижара, 37, Тиб, 19; Термизий, Тиб, 20; Ибн Можа, Тижорат, 7; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 2, 10, 44, 50