БМТ Стокголм ва Гаагадаги исломга қарши провокацияларга жавоб қайтарди
“Яқинда Стокголм ва Гаагадаги ўта ўнг радикаллар томонидан Қуръонни таҳқирлаш ҳаракатлари масъулиятсизлик ва диний туйғуларга бўлган ҳурматсизлик кўринишидир”, дея баёнот берди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмий вакили Равина Шамдасани “Анадолу” агентлиги мухбирига берилган интервьюда.
“Халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига кўра, диний китобларни ёқиш ҳаракатлари тақиқланмаган, аммо бу мутлақо ҳурматсизлик ва масъулиятсизликдир”, деди Шамдасани.
Аввалроқ БМТ Цивилизациялар алянси олий вакили Мигел Анхел Моратинос Қуръонни таҳқирлаш билан юз берган воқеани кескин қоралаган эди. У ўнг қанот радикал Расмус Палуданнинг томонидан уюштирилган ишни “жирканч ҳаракат” деб атади.
Эслатиб ўтамиз, 21 январь, шанба куни Даниянинг ўнг қанот экстремистик “Hard Line” партияси етакчиси Расмус Палудан Туркиянинг Стокголмдаги элчихонаси ёнида исломга қарши провокацияни амалга оширди. Радикал мусулмонлар учун муқаддас китоб – Қуръонни омма олдида ёқиб юборди. Бундан бир неча кун ўтиб эса, 24 январь куни Нидерландияда фаолият юритаётган “Ватанпарвар европаликлар Ғарбнинг исломланишига қарши” (PEGIDA) ўнг қанот экстремистик ҳаракати етакчиси Эдвин Вагенсвелд Гаагада Қуръон нусхасини йиртиб ташлади.