Дўстлар учун дуодамиз
Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлди ва катта талафотлар кўрилди. Шунингдек, кучли зилзила натижасида тарихий Газиантеп қалъаси вайрон бўлди. Суриядаги зилзила натижасида ҳам юзлаб одамлар ҳалок бўлди, БМТнинг Бутунжаҳон мероси объекти – Ҳалаб қалъаси вайрон бўлди.
Турк халқи ва сурияликларга синов бўлиб келиб қолган бу табиий офат бутун дунё халқини бефарқ қолдиргани йўқ. Жумладан, биз ҳам қардош турк халқи ва жафокаш сурияликларнинг мусибатини чин дилдан ҳис қилган ҳолда уларга ҳамдард бўлиб турибмиз. Парвардигоримиз уларнинг бу фавқулодда келган даҳшатли синовдан эсон-омон ўтиб олишини насиб айлашини, юзларини ёруғ қилишини, тан-жонларини соғ-омон қилишини сўраб ҳар доим дуодамиз, иншоаллоҳ.