Денгиз сатҳи кўтарилгач, бир қанча давлатлар йўқ бўлиб кетиши мумкин
Глобал исиш туфайли денгиз сатҳининг кўтарилиши жуда кўп аҳолининг ҳалокатига олиб келади. Бундай прогноз 14 февраль, сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш томонидан эълон қилинди. У фалокатдан азият чекувчилар учун бошпана беришни тартибга солувчи ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишга чақирди.
Мутахассисларнинг фикрича, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши тез-тез бўронлар ва тошқинлар билан бирга келади. Шу билан бирга, тупроқ ва сув туз туфайли шўрланади, кўплаб ҳудудлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим бўйича экспертлари маълумотларига кўра, 1900-2018 йиллар оралиғида дунёда денгиз сатҳи 15-25 сантиметрга кўтарилган. 2100 йилда Ердаги ҳаво ҳарорати саноат ривожланишидан олдинги даврга нисбатан икки даражага илиқроқ бўладиган сценарийга кўра, глобал денгиз сатҳи яна 43 сантиметрга кўтарилиши кутилмоқда. Ҳароратнинг Цельсий бўйича 3-4 даража кўтарилиши натижасида бу кўрсаткич 84 сантиметргача етиши мумкин.
2023 йил яварь ойи бошида Science журналида эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, 2100 йилга келиб, Ердаги глобал исишнинг ҳозирги суръатида музликларнинг 68 фоизи йўқ бўлиб кетиши мумкин.