Минтақа. Фижилик мусулмонлар
Фижи Суверен Демократик Республикаси – Океанияда, Тинч океанининг жануби-ғарбий қисмида, Фижи оролларида жойлашган давлат. Майдони 18,4 минг км2. Аҳолиси бир миллион атрофида. Пойтахти – Сува шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 4 округга бўлинади.
Мазкур мамлакатга мусулмонлар 1879 йилдан кириб кела бошлаган. Айни пайтда Фижи минтақадаги энг катта мусулмон жамиятига эга бўлиб, бу жамоа аъзолари ҳатто Австралия ва Янги Зеландия мусулмонларидан ҳам зиёда. Мамлакатда масжид ва мадрасалар кўп, мусулмон инфратузилмаси яхши ривожланган. Муайян муаммолар мавжудлигига қарамай, Фижи мусулмонлари ўз динининг кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилишлари учун барча имкониятларга эга. кўплаб ороллардан ташкил топган давлатнинг 6,3 фоиз аҳолиси мусулмонлардир.
Бу юртга дастлаб ҳиндистонлик мусулмонлар ёлланма ишчи сифатида кела бошлаган. Ушбу тоифадаги шахсларнинг мамлакатга фаол кириб келиши 1916 йилгача давом этган. Кўплаб мусулмонлар бу ерда доимий яшаб қолган. Кўчиб келганлар ноқулай шароитда яшаганлар ва оғир жисмоний меҳнатга мажбур бўлганлар. Айниқса, аёлларга қийин бўлган. Машаққатли турмуш ва меҳнат шароитлари камдек, маҳаллий аҳоли ўртасида уларга шаҳват назари билан қаровчилар кўпайган. Лекин ҳамма қийинчиликларга қарамай, мусулмонлар ўз динларига содиқ қолишди. 1884 йилдан бошлаб мамлакатнинг турли ҳудудларида мусулмонларнинг кичкина жамоалари шакллана бошлади. Кўпинча бу жамоалар фаолияти чекланган бўлган, аммо улар, албатта, эътиқодни сақлаб қолиш учун ҳамжиҳатлик зарурлигини билардилар. Бунда жамоага бош бўлиб намоз ўқиб берган илмли одамларнинг ҳиссаси катта бўлди. 1894 йилда Навуа мусулмонлари Қурбон ҳайитини муносиб нишонлашди ва 1900 йилга келиб, у ерда масжид барпо этилди. 1902 йилда Лабасда ҳам масжид қурилди. 1909 йилда мусулмонлар маориф комиссиясига болаларига араб ёзувига асосланган ҳолда урду тилида дарс берилиши ҳақида талаб қўйдилар. Бу – мамлакатда Исломнинг ўзини намоён этишининг муҳим босқичларидан бири эди. Ҳозирга кунда мактабларда урду тили ўқитилади.
ХХ асрнинг дастлабки ўн йилликларида турли исломий ташкилотлар жадаллик билан очила бошлади ва Фижи мусулмонлари бирлашиш зарурлигини англаб етдилар. Натижада 1926 йилда Фижи мусулмонлар лигаси (FML) вужудга келди. FMLнинг Таъсис қурултойи мамлакат пойтахти Сува шаҳрида бўлиб ўтди. Ташкилотнинг биринчи президенти уддабурон тадбиркор Абдул-Азиз Хон эди. FMLнинг энг муҳим вазифаларидан бири мусулмонларнинг таълим сифатини ошириш эди ва шундай бўлиб қолади. Бугунги кунда ташкилот 26та филиалга, 17та бошланғич, 5та ўрта мактабга, шунинг билан бирга, минтақадаги бошқа мамлакатлар, хусусан, Тонга ва Ғарбий Самоа мусулмон жамоалари вакиллари иштирок этадиган олий ўқув юртига (Тинч океани ислом институти) эга.
Мусулмон мактабларида дарс бериш энг юқори стандартларга жавоб беради. FML таълим билан бирга мусулмонларнинг барча ижтимоий эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилади, ҳатто уй-жой қурилишигача ёрдам беради. Ўзининг тарихида рўй берган муаммоларга қарамай, FML мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилишда давом этмоқда ва мазкур минтақадаги энг йирик ташкилотлардан бири ҳисобланади. FMLнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мусулмонларнинг Рўза ва Қурбон ҳайитлари ҳамда Мавлиди Набий байрами давлат томонидан расмий тан олинди.
Иқтисодий қийинчиликларга қарамай, FML турли йўналишларда фаол ишлашда давом этмоқда. Бу ишларнинг яна бир жиҳати – кейинги йилларда мусулмон бўлмаган мактабларда ҳам намозхоналар очиш, кичик масжидлар қуришдир. Фижи мусулмон жамоаси бутун Тинч океани минтақасида Исломнинг таянчи ҳисобланади. Баъзи маҳаллий фижиликлар ҳам FMLнинг Исломга чақириғига жавоб берди ва мусулмонлар сафидан жой олди. Умуман олганда, айтиш мумкинки, Фижи Республикасидаги мусулмонлар бирдамликни сақлаб, замоннинг синовларидан муваффақиятли ўтдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ