Тунларнинг афзали – Қадр кечаси
Бу кечани ёшу қари иштиёқ билан кутади. Чунки бу кечада ҳамманинг Раббимиздан сўрайдиганлари бор. Бу кеча Аллоҳнинг фаришталари ерга тушади ва уларнинг нури билан тун ўзгача рангларда ёришиб туради. Кеча, Қадр кечасида савобталаб биродаримиз Саъдулло ҳожи ибн Камолиддин ҳожи яқиндагина таржима қилиб, нашр эттирган “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти” китобининг шукронасига ифторлик дастурхони ёзди.

Биродаримизнинг ижодига барака тилаб дуолар қилиб, ифтордан чиққанимиздан сўнг касбимиз тақозосига кўра, нашриётимизнинг даврий нашрлар бўлими бошлиғи Толибжон Низомов иккаламиз гўзал пойтахтимизнинг масжидларини айландик, одамларни кузатдик. Тун салқин, ҳатто совуқ. Бир зумгина кўчада қолган одамнинг суякларини қақшаб кетади. Шунга қарамасдан, ҳамманинг юзида севинч аломатлари, байрамона кайфиятлар. Кўчаларда масжидга ошиқаётган машиналар шу қадар тирбандлик ҳосил қилганки, ёриб ўта олмайсиз. Масжидларнинг атрофини-ку қўяверасиз…
Шундай ихлосли одамларимизни кўриб кўзимиз қувнаб “Нўғайқўрғон” жоме масжидига бориб қолдик. Хуфтоннинг фарзи ва суннатидан сўнг масжид имом-хатиби Мансур қори Ўролов бир соат амри маъруф қилдики, бошқа вақтларда ярим соатлик маърузадан кейин зерикиб қоладиган жамоа бу сафар бир соатнинг қандай ўтиб кетганини сезмай қолди.
Масжид қандай гўзал маскан: ёшу қари бир текис саф тортади, ҳамма бир-бирига ҳурмату иззатда, ҳамма бир вақтда саждага бориб Яратганга илтижо қилади. Ҳамманинг қалбидаги энг олий мақсад – Қадр кечасидан файз олиш.
Ушбу масжид жамоаси ҳам қалбидаги некбин туйғулари билан тун яримлагунга қадар ибодат қилди. Сўнг эса уйларига бориб аҳли аёли ва фарзандлари билан ибодатни давом эттириш учун бир-бирига эзгу тилаклар тилаб, нурафшон туйғулар оғушида тарқалдилар.
Дамин ЖУМАҚУЛ