“У билан бир уйда яшамас эдим”
Тобеин авлодининг пешволаридан ва Абдуллоҳ ибн Масъуднинг пешқадам шогирдларидан бўлган Алқама ибн Қайс ҳикоя қилади:
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Чиройли кўриниш учун танасига нақш (татиуровка) солдирган, юзидаги тукларни олган, олдирган, қошларини ўзи ёки бошқа бировга тердирган, тишларининг орасини очдирган ва шу йўсинда Аллоҳнинг яратганларни ўзгартирган аёлларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин”, деган эди.
Унинг бу сўзи Асад авлодларидан бўлган Умму Яъқуб деган аёлга етиб борди. Бу аёл Қуръони каримни кўп ўқирди. Тўғри Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ёнига борди ва уларнинг орасида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:
– Сиз шундай-шундай қилган аёлларни лаънатлабсиз, шундайми?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънат этган кимсаларни мен нега лаънат этмаслигим керак? Шунингдек, бу Аллоҳнинг китобида ҳам бор.
– Хўп, аммо мен Қуръони каримни бошидан сўнгига қадар диққат билан ўқидим. Аммо ундай нарсани кўрмадим-ку!
– Агар Қуръони каримни яхши ўқиганингда менинг айтганимни топган бўлардинг. Сен: “…Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Ҳашр, 7) оятини ўқимадингми?
– Ўқидим, албатта.
– Расули акром ана шунинг учун юқорида тилга олинган нарсаларни тақиқлаганлар.
– Сиз ўйлайсизки, қилиниши мумкин эмас, деб айтган ишларингизни сизнинг аёлингиз қилмаяптими?
– Шундай ўйлаётган бўлсанг, ичкарига кириб яхшилаб қараб кўр!
Шундан сўнг Умму Яъқуб Ибн Масъуднинг уйига кириб қаради, бироқ ўзи иддао қилган нарсаларнинг ҳеч бирини кўра олмади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд ундан:
– Ўзинг тахмин қилганларингдан қайси бирини кўряпсан аёлимда? – деб сўради.
Умму Яъқуб:
– Ҳеч бирини кўрмадим, – деди.
Кейин Абдуллоҳ ибн Масъуд унга бундай деди:
– Агар аёлим сен тахмин этганинг каби бўлганида эди, мен у билан бир уйда яшамас эдим[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] 1-Аёлларнинг юзларига ёки лабларининг устига чиққан тукларини олишлари бу ҳадисда қатъиян тақиқланган эмас. Қиёфаларини хунук кўрсатадиган бундай тукларни юлиб ташлашига ҳеч қандай монелик йўқ. Бироқ соғлиқ учун зарурат бўлмасдан фақат янада гўзал кўринмоқ мақсадида қош, киприк ва юзнинг атрофидаги тукларни юлмоқ эса, албатта, қиёфани ўзгартиргани учун тақиқлангандир.
Бухорий, Тафсир, 59/4, Либос, 82,84, 85, 87; Муслим, Либос, 120; Абу Довуд, Тарожжул, 5; Термизий, Адаб, 33; Насоий, Зийнат, 24, 26; Ибн Можа, Никоҳ, 52