Минтақа. Мавритания – асл араб тили сақланиб қолган ўлка
Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили арабча.
Мавритания – ривожланаётган камбағал давлат, унинг пойтахти кам қаватли бинолардан иборат нисбатан кичикроқ шаҳар. Бу давлатнинг Мавритания деб аталиши тасодифий эмас, унинг аҳолиси ўзларини ўрта аср мусулмон испанияси аҳолиси бўлган маврларга алоқадор деб биладилар, уларнинг аждодлари геноцидни бошдан кечириб, Испаниядан Африкага қочишга мажбур бўлишган. Афсуски, Пиреней ярим оролидаги мусулмон давлатининг юксак маданиятини қочқин бўлиб Африкага борган аҳоли сақлаб қола олмади, аммо мавританияликлар орасида “Андалус” ва “Кордоба” номларига бўлган муҳаббат ўзгача. Кўплаб қаҳвахоналар, сартарошхоналар ва бошқа муассасалар ана шу қадимий номлар билан аталади.
Нуакшотнинг исломий шаҳар экани сезилиб туради. Бу ерда ҳар куни беш маҳал азон овози жаранглайди.
Мавритания ўзининг қашшоқлигига қарамай, асосий бойликка эга бу – исломий ўзига хослик. Мавританияликларнинг асосий бойлиги Ислом Республикаси, бошқа мамлакатларда, эҳтимол, бошқа бойликлар кўпдир, лекин уларда асосий нарса – Ислом йўқ.
Нуакшотдаги энг катта стадионда ҳар йили Пайғамбар алайҳиссаломга бағишлаб мавлуд ўқилади. Бу мавлудларда илоҳиётшунос олимлар ва ислом шоирлари сўзга чиқиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафақат инсоният цивилизацияси, балки бутун коинот учун тутган ўринларини тасвирлаб берадилар.
Мавританияда бундай мавлудларнинг ўтказилиши сиёсий тўқнашувлар ва ҳарбий тўнтаришлардан азият чеккан жамиятга жуда фойдали таъсир кўрсатади.
Аҳолиси
Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади. Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар – чўл ва чала чўлларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра, улар араб, бербер ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга оид. Берберлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган. VII-VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг берберларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.
Тоза араб тили
Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида, муқаддас Қуръон тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил нормаларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида мулоқот қилишади.
Дунёдаги энг қадим миноранинг иккинчиси
Мавританиядаги хорижлик сайёҳларни табиий ландшафтларнинг гўзаллиги, қадимий тарих ва меъморчилик ёдгорликлари, маҳаллий халқларнинг бой маданий анъаналари ўзига жалб қилади. Жумладан, Шингетти жоме масжиди XIII-XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақасидаги Шингетти воҳаси шаҳри асосчилари томонидан барпо этилган қадимий ибодат марказидир. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.
Дин
Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Ислом Мавританиянинг расмий дини ҳисобланади. Бу ерда аҳли суннат вал жамоатнинг моликия мазҳаби кенг тарқалган. Исломнинг кириб келиши VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI-XVII асрларда тарқала бошлади. Насронийларнинг кичик жамоасининг аксари католиклардир.
Таълим
Бошланғич 6 йиллик таълим мажбурий ҳисобланиб, уни 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар олади. Дарслар араб тилида бўлади ва бошланғич мактаб таълими бепул. 6 йиллик ўрта таълим уч йилдан икки босқичда давом этади.
Мавритания айни кунларда камбағал давлатлар сирасига кирса-да, жадаллик билан ривожланиб бораётган ўлка. Бунда, албатта, мамлакат аҳолисининг ўз динига мустаҳкам эътиқоди, меҳнатсеварлиги, энг муҳими, илмга ташналиги муҳим роль ўйнамоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.