Садақа ўрнига ўтадими?
Асҳоби киромдан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг завжаси Зайнаб ас-Сақафиййа розияллоҳу анҳо ҳикоя қилади:
Бир куни Масжиди Набавияда эдим Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй аёллар! Пардоз ашёларингиздан бўлса ҳам садақа беринглар”, дедилар.
Зотан, мен эримга ва акамнинг етимларига ёрдам берар эдим. Расули акромнинг ушбу амрларини эшитганимдан сўнг эрим Абдуллоҳ ибн Масъудга дедимки:
– Сиз қўли калта одамсиз, Пайғамбар алайҳиссалом бизга садақа беришимизни амр этдилар. У зотдан бориб сўранг-чи, садақамни сизга ва акамнинг етимларига беришим билан бу амрни бажарган бўлар эканманми? Бажараётган бўлсам, қандай яхши. Агар ундай бўлмаса, бошқасига бераман, – дедим.
– Бориб ўзинг сўра, – деди.
Бордим. Пайғамбар алайҳиссаломнинг эшикларига яқинлашганимда у ерда ансорлардан Зайнаб деган аёлнинг кутиб ўтирганини кўрдим. Магар унинг ҳам дарди меники билан бир хил экан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурига киришга ҳам иккиланиб турардик.
Шу орада ичкаридан Билол чиқиб қолди-ю биз унга:
– Ҳазрати Пайғамбаримизга бориб, ташқарида иккита хотин кутиб турибди. Эрлари ва ўз етимларига берганлари садақа ўрнида қабул бўладими, йўқми, шуни билмоқчилар, де. Аммо бизнинг кимлигимизни айтма, – дедик.
Билол дарров кириб Расули акромга масалани англатибди.
Аллоҳнинг Расули:
– Улар кимлар? – деб сўрабдилар.
Билол Ҳабаший:
– Ансорлардан бир хотин ва Зайнаб, – дебди.
Пайғамбар алайҳиссалом:
– Қайси Зайнаб экан у? – деб такрор сўрабдилар.
Билол:
– Абдуллоҳнинг аёли, – дебди.
Шунда Аллоҳнинг Расули бундай жавоб берибдилар:
– Улар яқинларига ёрдам этиш билан бирданига иккита савобни қўлга киритадилар: биринчиси, яқинларининг ҳолидан хабар олиб, меҳрибонлик қилиш савоби; иккинчиси, садақа бериш савобидир[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Бухорий, Закот, 48; Муслим, Закот, 45; Насоий, Закот, 82; Ибн Можа, Закот, 24; Доримий, Закот, 23; Аҳмад ибн Ҳанбал, Муснад, III, 502, VI, 363.