Тармоқдаги тартибсизлик
(ёхуд қизларнинг интернет сабабли бадном бўлиши)
Ҳаёли қиз топиш хаёл бўлиб қолмаса… Бир қарасангиз, қизларнинг оғзидан эркакларни ҳам қизартирадиган сўзлар чиқади, яна айримлари муштумзўр. Уларнинг ҳаёсизликлариларию беғубор ёшидаги иллатлари ҳақида айтишга уялади одам. Лекин биз қачон шундай бўлдик, қайси вақтда қизларимизни бой бериб қўйдик?!
Ҳа, биз одобни, ҳаёни ҳар нарсадан устун қўядиган қизларни йўқотяпмиз. Уларни ижтимоий тармоқлар, оломон маданиятининг турли кўринишлари ўз домига тортмоқда. Бир вақтлар йиртиқ шим кийган ўзбек қизлари учун бугун шаънидаги “ямоқ”лар аҳамиятсиз бўлиб қолди. Ёки оналаримиз “Номусинг – шарафинг”, деб уқтиришмаяптимикан? Ахир яқинларда ҳам номус ўлимдан қаттиқ эди, уни асраш учун жонидан кечган аёлларнинг насли эмасмизми?
“Тик-ток”, “Инстаграм”даги батлларда (интернет ўйини) йигитлар уялмасдан бутун дунёга ўз “қиз”ларининг баданини кўрсатмоқда. Қизлар эса энг бебаҳо бўлган ҳаёсини лаҳзалик ҳузурга алмашмоқда.
“Фалончининг қизи “Тик-ток”ка чиқибди”, “Дўстим мана бу сенинг қизингми ёки ўхшатяпманми?” Ота-онаси бехабар қўлбола юлдузларга ҳавас қилган қизлар жисмини кўз-кўз қилганини эшитган ота-оналар бошларини чангаллаб қоларди. Энди эса шу шармандаликни касб қилиб олганлар санъаткорлардан ҳам машҳур бўлиб бормоқда. Яна кимлар орасида? Аҳолининг 65 фоизи бўлган ёшлар орасида! Йигитларнинг келинлар билан қўлтиқлашиб юриши, номусини йўқотиш ёки бўлмаса, ота-онага қарши чиқишни тарғиб қилган қўшиқлар… Қуш уясида кўрганини қилади, ёмонга яқин юрсанг, балоси юқади, деган мақолларимиз тўғри эканини қўшиқларга, ҳаёсиз кимсаларга тақлид қилаётганлар қиёфасида англаб етяпмиз.
Инобат Уста-Алимова “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари:
– Ҳазрат Жалолиддин Румий айтганидек: “Завқ ва орзулар зинапояга ўхшайди. Зиналар ўтириб, дам олишга мослашмаган. Умрни шу зиналарда беҳуда ўтказмаслик учун ғофилликдан тез уйғонган ва ҳаётнинг моҳиятини тўғри англаб етган одам нақадар бахтли!” Тўғриси, ижтимоий тармоқларда вақтини беҳуда совураётганларга ачинаман. Улар ҳазрат Румий айтгандек, зинапоянингда қуйи поғонаси қолиб кетмоқда. Балки ҳозирча уч-тўрт сўм топаётгандир. Лекин бу қачонгача?
Афсуски, интернетга боғланиб қолган фарзанд билим олишга юзаки ёндашади, фаол ҳаракатда бўлмай, узоқ вақт монитор рўпарасида ўтиради. Бу вақтни зое қилади. Агар қиз фарзандингизда бундай ҳолат кузатилса, вазият янада мураккаблашади. Сабаби, қиз – оиланинг шаъни. Унга нисбатан айтилган ҳар бир гап бутун оилага тегишли. Айтайлик, қиз ижтимоий тармоқда мутлақо бегона кимса билан танишди. Бу эса жамиятда жоҳилликнинг илдиз отаётгани ҳамда ёшлар онгига салбий таъсир қилаётганини англатади.
Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳ Аср сураси тафсирида қуйидагини айтган: “Аллоҳ таолонинг аср билан, яъни вақт билан қасам ичиши унда ажойиботлар бўлгани учундир. Чунки хурсандлик ҳам, хафалик ҳам, саломатлик ҳам, беморлик ҳам, бойлик ҳам, фақирлик ҳам – барча-барчаси вақт ичида ҳосил бўлади. Ўтаётган умрни бойлик билан баҳолаб бўлмайди. Шундай экан, агар сиз минг йилни зое қилиб юборган бўлсангиз-у, умрингизнинг сўнгги дақиқасида тавба қилишга муваффақ бўлиб, ўша лаҳзадагина сизга саодат насиб этган бўлса ва бунинг натижасида сиз жаннатга эришган бўлсангиз, демак, сиз учун энг шарафли нарса ўша лаҳзадаги ҳаётингиздир”. Қизларнинг бўш вақтини нафақат ота-она, ўқитувчи, балки маҳалла-кўй ҳам назорат қилиши лозим. Сабаби бекорчи бўлдими, телефондан бошини кўтармайди. Иложи борича, ҳамёнбоп ёки бепул тўгаракларни кўпайтиришимиз, уларга қизларни қизиқтирадиган йўналишлардаги мутахассисларни жалб қилишимиз лозим.
Зулфизар Холхўжаева, ўқувчи:
- Ота-оналар фарзандининг қаердалигини билиш учун телефон олиб берган. Кейин дарсларимиз ҳам телефонга боғлиқ. Лекин ундан бошқа мақсадларда фойдаланаётган тенгдошларим ҳам бор. Масалан, йигитлар билан суҳбатлашиб, ахлоқсиз видеолар кўриши ва ҳатто ўзлари ҳам ана шундай ҳолатларини тасвирга олишяпти. Менинг телефонимни ота-онам назорат қилади. Ҳозир ўқишга тайёрланяпман. Бандлигим сабаб телефондан бошқа мақсадда фойдаланишга вақтим йўқ. Менимча, бекорчи ва ота-онасининг назорати кам бўлган қизлар телефондан нотўғри фойдаланади. Баъзан уларнинг ёмон видеоларни кўраётганини, “Инстаграм”, “Тик-ток”даги блогерларнинг сўкиниб, яримяланғоч юришларини завқ билан томоша қилиб, бир-бирига гапираётганини кўраман. Лекин улардан ўқитувчимиз уйга вазифани сўраса, жавоб беролмайди. Сабаби у дарс қилиш ўрнига вақтини ижтимоий тармоқда ўтказган. Айрим қизларнинг кийиниши, бўяниб, сочининг қилган турмагига танбеҳ беришади. Уни ота-онаси эмас, ижтимоий тармоқлар шундай қиёфага солиб қўймоқда.
Қиз фарзандни солиҳа қилиб вояга етказиш орзусидагилар уни неъмат деб билади, қизини “Бировга бериб юбораман, қизим ортиқча юк”, дея паст назар билан қараб, ўқигандан кўра рўзғор ишларини қилсин, дейдиганлар учун… Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир қиз жамиятнинг номуси, ори бўлсин. Асло акси эмас!
Камола АБДУМАЛИК қизи
http://hidoyatuz.taplink.ws