Қўшни ҳақи иймонга дахлдор
Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Қўшнига яхшилик қилиш ва унга озор бермаслик кишининг Аллоҳ таолога ва охират кунига бўлган иймонидан дарак.
Мўмин барча амалларини муҳаббат ва холислик ила адо этиши лозим. Охиратга бўлган иймон орқали эса, ҳар бир амал учун у кундаги савол-жавоб оқибатида мукофотга эга бўлиш ёки азобда қолиш эслатилади. Кимнинг Аллоҳга ва охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.
Ойша онамиз ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаброил мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикин, деб ўйладим”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса,
қўшнисига озор бермасин!..” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «“Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди, Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди, Аллоҳга қасам, иймон келтирмабди”, дедилар. “Ким, ё Расулуллоҳ?” дейилди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўшниси унинг ёмонлигидан омон бўлмаган киши”, дедилар», дейилган. Баъзида айрим кишиларнинг озорларидан безор бўлган қўшнилар улардан ўзини узоқроқ тутишга ҳаракат қилишларига гувоҳ бўламиз. Мазкур ҳадислардаги хабарлар айнан мана шундай кишилар ҳақида.
Қўшнига асло озор етказмаслик ва керак бўлса, ёрдамни аямаслик лозим. Шунингдек, онда-сонда бўлса-да, кўшнига ҳадя бериб туриш, хурсандчилигига шерик бўлгандек, ғам-ташвишига ҳам шерик бўлишнинг савоби катта.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродари, унга зулм қилмайди ва уни хорламайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким мусулмондан бир ғамни кетказса, қиёмат куни Аллоҳ унинг ғамларидан бирини кетказади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни беркитади”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Қўшни ҳақи нима эканини биласанми? Агар ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса, қарз бериш, фақир (муҳтож) бўлиб қолса, егулик бериш, касал бўлса, бориб кўриш, унга яхшилик етса, қутлаш, мусибат етса, таскин бериш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш, унинг изнисиз ўз уйини баланд қилиб қурмаслик, қозонда қовурилаётган гўшт ҳиди билан озор бермаслик (гўштдан унга ҳам бериш)…” деб марҳамат қилдилар (Имом Хароитий ва Имом Табароний ривояти).
Юқоридаги ҳадислардан қўшнилар билан муомалани гўзал қилиш ва уларга озор
бермаслик вожиб экани аёнлашади. Аллоҳ таоло мазкур суннатларга амал қилиб, қўшнилар билан хушмуомала бўлишни насиб айласин!
Абдуҳалим ОЛИМОВ,
Сариосиё тумани “Мавлоно Абдулҳай”жоме масжиди имом-хатиби