Аёллар масаласи
Таҳорати йўқ кишининг намоз ўқиши ва (тиловат) саждаси қилиши ҳаромдир
Таҳорати бузилган киши таҳорат қилмай, ҳайз, нифоси тўхтаган аёллар ва жануб ҳолатдаги эр ё аёл ғусл қилмасдан намоз ва (тиловат) саждаси қилиши ҳаромдир. Ҳайз ва нифосдан покланган аёл у ҳолатда ўқимаган намозларнинг қазосини ўқимайди. Аёл ва қизларга ҳайиз кунларида ҳар бир намоз вақтида таҳорат олиб, жойнамозда ўтириб, намоз адо этиш учун кетадиган вақт миқдорда тасбеҳ ва таҳлил айтиши мустаҳаб бўлади.
Муоза розияллоҳу анҳо бундай ривоят қилади: «Ойша онамиздан: “Нима учун аёллар ҳайз кунлари ўқишмаган намознинг қазосини ўқимайди, лекин рўзанинг қазосини тутади?” деб сўрадим. Онамиз розияллоҳу анҳо: “Сен ҳарурийликмисан”, деб сўради. Мен: “Йўқ, ҳарурийлик эмасман. Лекин билгим келяпти”, дедим. Онамиз розияллоҳу анҳо: “Биз ҳайз кўрганимизда рўзанинг қазосини тутишга буюрилардик, намознинг қазосини ўқишга буюрилмасдик”, деб жавоб қилди (Имом Муслим ривояти).
Ҳайз ва нифос ҳолатида рўза тутиш мумкин эмас
Аёллар ҳайз ва нифос ҳолатида рўза тутиши мумкин эмас. Агар фарз ё нафл рўза тутаётган аёл ёки қизнинг қуёш ботишидан бир оз олдин ҳайз одати бошланса рўзаси бузилади. Унинг қазосини тутиши вожиб бўлади.
Ҳайз, нифос, жунуб ҳолатида Қуръонни тиловат қилиш мумкин эмас
Аёл ҳофизи Қуръон, муаллима ё толиба бўлишидан қатъи назар ҳайиз, нифос ва жунуб ҳолатида Қуръон тиловат қилиши ҳаром бўлади.
Ҳанафий мазҳабида: ҳайз ёки нифос ҳолатдаги аёл-қиз ёки жунуб эр ё аёл Қуръонни ўқиши (гарчи бир оят ундан кам бўлсада) ҳаром бўлади, яъни мумкин эмас. Лекин Қуръондан бир оятдан кам миқдорини, масалан: “Алҳамдулиллаҳ”ни шукр ниятида айтиши ёки овқатланишдан олдин табаррукан “Бисмиллаҳ” дейишнинг зарари йўқ (Фативои Ҳиндия).
Абдуллоҳ ибн Роваҳа розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни жунуб ҳолатда Қуръон ўқишдан қайтардилар” (Имом Дорақутний ривояти).
Уламолар ҳайз ва нифосда аёлнинг ҳолатидаги тасбиҳ, таҳлил ва зикрларни айтиши мумкинлигига иттифоқ қилишган.
Ҳанафиий мазҳаби уламолари муаллима опа одати бўлганида Қуръонни ҳарфлаб ўргатишни жоиз дейишган. Кархий раҳимаҳуллоҳ: “Муаллима одати бўлганида Қуръондан битта-битта калима айтиб ўргатади. Ҳар бир калима орасида тўхтайди, узади”, деган.
“Ҳайз ва нифос илми зубдаси” китобидан
Юлдуз АСҚАР қизи таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws