Муҳим нарсалар олдинда туради
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Ҳамма нарсани Аллоҳдан сўранг, ҳатто оёқ кийимнинг боғичини ҳам. Чунки Аллоҳ осон қилмаса, осон бўлмайди”, дедилар” (Имом Абу Яъло ривоят қилган. “Мажмаъуз завоид” муаллифи ҳадис ҳақида: “Муҳаммад ибн Убайдуллоҳдан бошқа кишилар “Саҳиҳ”нинг кишиларидир. Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ сиқа-ишончлидир”, деган).
Баъзи салафлар хамирнинг тузини, қўйнинг емини ҳам Аллоҳ таолодан сўрарди. Мана шу ўринда нозик нуқта борки, ризқ борасида хато тушунчага бориб қолинган. Баъзилар ризқнинг сабабларини бажо келтириб, меҳнат қилса-да, Аллоҳ таолодан машаққатга қўймаслигини сўрамайди. Ёки бунинг акси. Яъни Аллоҳ таолодан қаттиқ сўрайди, бироқ ризққа эришиш йўлида сусткашликка йўл қўяди. Ҳар икки йўл ҳам нотўғри. Тўғриси, сабаблар ни тайёрлаш билан бирга, Аллоҳ таолодан осон эриштиришини сўрашдир. Қуръони карим сураларида ризқни Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраш ва ризқ талабида Ер юзи бўйлаб сафар қилиш каби
зоҳиран зид кўринган оятлар аслида бир-бирини тўлдириб, юқоридаги икки хатони ислоҳ қилади.
“Эй бандаларим! Барчаларингиз залолатдасизлар. Фақат Мен ҳидоятга йўллаганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизларни ҳидоятга йўллай”. Ҳадиси қудсийда дунё сафарида инсон учун керак бўладиган емоқ-ичмоқ, кийим-кечак каби моддий эҳтиёжлардан кўра кўпроқ охират сафари учун керак бўладиган маънавий эҳтиёжларга эътибор қаратиш озимлигига ишора бор.
Муҳим нарсалар олдинда туради, деган қоидага кўра, залолат ва ҳидоят масаласи очлик ва таомланишдан, яланғочлик ва либосдан илгари келган. Залолат очлик ва яланғочликдан ёмон, ҳидоят эса инсон учун таом ва либосдан муҳимдир. Чунки таом инсонни бу фоний ва ёлғончи дунёда яшаб қолиши учун керак бўлса, ҳидоят ҳақиқий ва мангу охират ҳаётида бахтли яшаши учун керак.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws