Қуръон – қалб малҳами
Мўминлар амири ҳазрат Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деган. Биз-чи: баҳонамиз кўп, умримиз ўткинчи ташвишлар, бекорчи ишлар билан тўла.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир, Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим, “Сунан соҳиблари”, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривоят қилишган).
Утружжа мевалар ичида энг яхшиси бўлгани учун ҳам Қуръон ўқийдиган мўмин унга ўхшатилмоқда. Унинг қироатини эшитиб одамлар роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар. Қуръон ўқишни ўрганадилар.
Утружжа – апельсинга ўхшаш мева. Унинг ҳажми ўртача, кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш. Утружжанинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг ҳиди хушбўй, мазаси тотли.
Эътиборли жиҳати, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. (Хурмо мевасининг) ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Мўмин банда Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳиди йўқ.
Афсус, ҳозирда кўпчиликнинг Қуръон ўқишга рағбати суст. Оқибатда бундай мусулмонлар бошига турли савдолар тушяпти. Кўп ташвишлар айнан диндан бехабарлик сабабли келиб чиқади. Аллоҳнинг Китобида қайси вазиятда нима қилиш кераклиги кўрсатилган.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқ нега райҳонга ўхшатиляпти? Маълумки, райҳоннинг ҳиди димоққа хуш ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй.
Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси баттар пасайиб кетади.
Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган (Абу Нуайм ривояти).
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз, “Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!” дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Аксинча. Ўлимни ёдга олиш кишини солиҳ амаллар қилишга, Қуръон ўқишга ундайди.
Қуръон тиловатининг савоби ниҳоятда улуғ бўлиб, ўқилган ҳар бир ҳарф учун банданинг амал дафтарига ўнта савоб ёзилади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматнинг энг афзал ибодати – Қуръон ўқиш”, деганлар.
Ёш ўтгандан кейин одамнинг кўзи хиралашади, қулоғи яхши эшитмайди, бўғимлари заифлашади, белдан қувват кетади, хотираси сусаяди. Бироқ мунтазам равишда Қуръон ўқийдиган кишилар кексайган чоғларида ҳам эс-ҳушлари, куч-қувватларини йўқотишмас экан.
Илмий тажрибаларда аниқланишича, Қуръон ўқиш, эшитиш мия фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, кексаликда юз берадиган паришонхотирлик, хотира сусайиши каби нохуш ҳолатлардан сақлайди.
Умр бўйи Қуръонга ошно бўлган кексалар ҳаётига назар солсак, бу гап қанчалик тўғрилигига амин бўламиз. Юз ёшга яқинлашиб қолганларнинг таналари бақувват, ҳам хотиралари яхши, кўзлари равшан. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони карим ҳақларини адо этган бандасини соғлом тана, кучли хотира неъмати билан сийлайди. Инсоннинг гавҳари бўлмиш қалб тузалдими, бошқа ҳамма аъзолар фаолияти меъёрида бўлади.
Қуръон бизнинг қалбимизни ислоҳ қилиш учун туширилган. Қуръон бизни ҳидоятга бошлаш учун нозил этилган. Илм-фан тараққий этган, айни дамда кўпчилик тушкунликка тушиб қолаётган бир паллада Қуръонни ўқиб-ўрганишга жуда муҳтожмиз. Шикаста қалбимизга руҳий далда керак. Зеро, Қуръон инсон дилини поклайди, руҳини тетиклаштиради, хулқини гўзал қилади. Қуръон билан ҳамнафас инсон икки дунё саодатига эришади.
Абдулла ҲАҚБЕРДИЕВ,
Хатирчи тумани
“Чангир” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws