Ҳар ким қилса ўзига
Бандаларнинг ибодатлари Аллоҳ таолога фойда бермаганидек, гуноҳлари ҳам зарар бермас. Балки уларнинг барча савоб ва гуноҳлари ўзлари учундир. Аллоҳ таоло учун буларнинг заррача аҳамияти йўқ.
“Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Раббинг бандаларга зулм қилгувчи эмас” (Фуссилат сураси, 46-оят).
Бироқ Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат бўлса-да, обид ва тақводор бандаларини яхши кўради, осий ва фосиқларни севмайди.
Аллоҳ таолонинг беҳожат эканига ҳаж ибодати мисолида мана бу ояти каримани далил қилиб келтириш мумкин.
“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Аллоҳ таолонинг беҳожат Зот эканига ушбу ҳадиси қудсийнинг ўзида ҳам мисол келтирилмоқда.
“Эй бандаларим! Агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз орангиздаги энг фожир кимсанинг қалбидек бўлсангиз ҳам, бу Менинг мулкимдан ҳеч нарсани камайтириб қўймайди. Эй бандаларим! Агар аввалингизу охирингиз, инсу жинларингиз бир жойга тўпланиб, Мендан (ҳожатларини) сўрасалар, улардан ҳар бир инсонга сўраганини берсам, бу мулкимдан бирор нарсани камайтирмайди, магарам, игна денгизга ботирилганда ундан қанча сувни камайтирадиган бўлса, ўшанча миқдорда камайтиради, холос”. Ҳадиснинг ушбу қисми юқоридаги иборанинг узвий давоми ҳисобланиб, унинг маъносини яна ҳам таъкидлаб келмоқда.
Уламолар: “Денгизга игна ботириш билан унинг сувидан қанча миқдор камаяди? Ҳеч нарса камаймайди. Бу ерда денгиз кўзга кўринадиган нарсаларнинг энг улкани, игна эса ўзида сув олиб қолмайдиган энг кичик нарсадир. Аслида бу мажозий ибора бўлиб, бир нарсани асло камаймаслиги учун мисол тариқасида қўлланади. Ҳадисда одамларга осон тушунтириш учун ташбеҳ келтирилган”, дейдилар.
“Эй бандаларим! Булар сизларнинг амалларингиз. Мен уларни ҳисоблаб қўяман ва шунга қараб сизларга тўлиқ жазо ёки мукофот бераман”.
Бу ибора жабрия фирқасига раддиядир. Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг қилаётган амалларини ҳисоблаб қўяди. Қиёмат куни бўлганида дунёда қилган амалларига қараб ё жазолайди, ё мукофотлайди.
“Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар. Раббинг ҳеч кимга зулм қилмас” (Каҳф сураси, 49-оят).
Қалбида иймони бор банда қуйидаги мулоҳазалар билан ҳаёт кечиради. Ҳар бир ишим-қилмишимни Ўзи кўриб турибди, дейди ва фақат Аллоҳ таолога хуш келадиган ишларни қилиб яшайди. Ёмонлик ва зулм қилмайди.
“Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир” (Нисо сураси, 1-оят).
“Ҳар бир гапимни Аллоҳ таоло эшитиб турибди”, дейди ва доимо яхши сўзларни гапиради ёки сукут қилади. Ғийбат, чақимчилик, ёлғон каби Аллоҳ таолога хуш келмайдиган гап-сўзлардан тийилади ва ўзини зулм қилишдан ўзини эҳтиёт қилади.
“Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Бақара сураси, 181-оят).
Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ бирга суҳбатлашиб ўтирган кишиларга: “Агар бир киши сизларнинг ҳар бир гапингизни подшоҳга етказиб турса, нималарни гапирган бўлардингиз?” деди. Улар: “Йўқ, гапирмас эдик”, дейишди. Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ уларга қараб бундай деди: “Бўлмаса, ҳаё қилинглар! Икки фаришта подшоҳлар Подшоҳига гапингизни етказиб турибди”. “Ҳар бир амалимни Аллоҳ таоло ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади”, дейди ва доимо яхшилик қилади ва ёмонлигу зулмдан сақланади.
“Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир” (Залзала сураси, 7–8-оятлар).
Ҳадиси қудсий аввалига мувофиқ, Аллоҳ таолонинг фазли ва адолатини баён қилиш билан тугамоқда. “Ким (қиёмат куни номаи аъмолида) яхшиликни топса, бас, Аллоҳга ҳамд айтсин. Ким ундан бошқа (бўлиб, Аллоҳ таоло адолати ила муомала қилса ва шу сабабли ёмон) нарсани топса, фақат ўзини маломат қилсин! (Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмас)”.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятида собит қадам айласин.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм
http://hidoyatuz.taplink.ws