Мақолалар

Буюк имтиёз

Чоп этилди May 7, 2019 Буюк имтиёзda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандам, агар Мени ёлғиз ҳолда зикр қилсанг, Мен ҳам сени ёлғиз ҳолда зикр қиламан. Агар Мени жамоат орасида ёд этсанг, Мен сени у жамоатдан афзалроқ жамоат (фаришталар) ўртасида ёд этаман”. (Имом Аҳмад ривояти)

Бу дунёда кимдан (бошқаларни қўй, ота-онанг, ҳатто болангдан-да!) сенга яхшилик ўтадиган бўлса, ҳаммаси – омонат. Улар асло қайтим сўрашни хаёлларига келтирмасалар ҳам, қачон нима қилган бўлсалар, ҳаммасини санаб юрасан, жавобини қайтаришим керак, деган юк дилингда тураверади. Фақат Яратганнинг берганини яйраб қабул қилиб, яйраб ейсан. Унинг “Cени ёд этаман” деган ишорасида “Ҳақиқий роҳатингни Ўзим бераман”, деган илтифот турибди.

Ҳақни кўксига жойлаган ва шунинг учун ўзини ҳеч қачон ёлғиз сезмайдиган, Уни ўйлаб юпаниб, Ундан ҳайиқиб инсофга келадиган одам Аллоҳ билан ёлғиз гаплашадиган одамдир. Дейлик, сенга кимдир озор беряпти, кундан-кунга у оғриқ жонингга ботиб боряпти. Қасдма-қасд таъзирини бериб қўйгинг келади, аммо “Бировга ёмонлик қилма, ҳатто ёмонга ҳам яхшилик қил”, деган ҳикматни, бандаларни қарғашга ҳаққимиз йўқ эканини эслайсан ва ўзингни тутасан, Яратганни ёлғиз зикр қилганинг – шу.

Кимдир сенинг битта айбингни овоза қилиб юрибди, сенда эса унинг ўнлаб гуноҳларига ҳужжат бор. Шайтонинг тинмай уни фош қилишга ундаб туради. Сен-чи, инсон қисмати Унинг азмига боғлиқлигини, сенинг бу ниятингдан Аллоҳ рози бўлмаслигини эслайсан ва ўзингни тўхтатасан. Ҳақ билан ёлғиз гаплашганинг – шу.

Аллоҳни ёлғиз ҳолда ёдга олишинг гувоҳ йўқ жойда гуноҳ қилмаслигингдир, яъни мумкинмас ерга ахлат тўкиб қочмайсан, сўрамасдан бировнинг бир гулини, бир олмасини узмайсан, эру аёллик шаънига хиёнат қилмайсан, уйда бир ўзинг бўлсанг ҳам, ораста юрасан, ҳеч ким кўрмаса ҳам, фарз амалларингни тартибли бажарасан, ҳатто кимсанинг итига ҳам хуфёна озор бермайсан, чунки Аллоҳ кўриб турибди, қулоқ солиб турибди, деган андишанг бор!

“… Мен ҳам сени ёлғиз ҳолда зикр қиламан” дейилиши Унинг розилиги учун бажарган ҳар бир ишинг алоҳида ҳисобда туришига ишорадир. Яъни, ҳар бир савоб ишингга алоҳида ажр ёзилиши, худдики, турфа дарахт эксанг, турфа мева олганинг каби, сенга бир-бирига ўхшамаган роҳатлар берилиши ваъда қилинмоқда. Ва ҳар бир мушкулотингда сенга Ўзининг ҳамкор бўлиши эслатилмоқда.

“Агар Мени жамоат орасида ёд этсанг…” Одамлар бу ҳушёрлару ғофиллар, имонлилар ва худобехабарлар, поку нопоклар аралаш оломондир. Агар сен “одамлар қиляпти-ку” демай, Аллоҳ норози бўладиган ишларни қилмасанг: пора олмасанг, ғийбатга, хушомадга яқинлашмасанг, шуҳратга, кибрга берилмасанг  –Яратганни жамоат орасида ёдга олганинг – шу.

Шундай ҳадис бор: “Кимки одамларни рози қиламан деб, Аллоҳнинг ғазаби келадиган ишни қилса, Аллоҳ уни одамларга топширади…” Бу огоҳлантиришдир! Билки, нотўғри ишлар қилишда кимлар билан ҳамтовоқ бўлган бўлсанг, сенга жазо беришни ўшаларга топшириб қўяди. Онажоним юрсалар ҳам, турсалар ҳам: “Ўзингдан қўймагин-а, Ўзингдан қўймагин!” деган нолонни тилларидан туширмасдилар. (Илоҳим, охиратлари ҳам Аллоҳнинг паноҳида бўлсин!) Ҳеч кимдан Ҳақ юз ўгирмасин!

Юқоридаги ҳадиснинг давоми бундай: “…ким улуғ Аллоҳни рози қиламан деб кишилар ғазаби келадиган ишни қилса, Аллоҳ унга ўша кишилар(дан келадиган зарарга) кифоя қилади” (Имом Аҳмад ривояти). Бу дегани, сен қора меҳнатлардан орият қилмадинг, рост гапиришни фарз деб билдинг, хушомадни уят иш билдинг, устингдан кулсалар ҳам, содда тўйлар қилдинг, содда рўзғор, содда уйларда яшадинг. Бунинг эвазига Яратган сенинг ҳамишалик ҳимоячингдир, молу жонингни балолардан Ўзи сақлаб туради.

Айримлар ё кибр, ё ношукрлик билан ноғора чалиб, ўз номларини ўзлари байроқ қилиб юрганларида сен сабрда собитлик билан, бору йўққа бирдай шукр қилиб, нафсингни синдириб, хокисорлик билан яшадинг, Аллоҳ рози бўладиган йўлдан юриб келавердинг. Осмонга ирғиганлар сакрай-сакрай чарчаб, жаранглари тиниб, қумга тушган издай ўча бошлаганда Аллоҳ сенга берган ваъдасини ижро қилади: тўрт томонингдан сен кутмаган фаровонликлар ато этади, яъни сени яхши одамларнинг назарига туширади – дуога сазовор бўласан ё фарзандларинг солиҳ бўлади, номинг “Фалончи яхшининг отаонаси” бўлиб, кишиларнинг ихлосу ишончида яшайсан. “…яхшироқ жамоа (фаришталар) орасида ёд этаман”, дейилишидан умидвор бўлки, ажаб эмас, исминг жаннатийлар қаторида саналса! Шундай аталиш ҳар бандага насиб этсин.

 

Турсуной СОДИҚОВАнинг

“Дилдаги дур” китобидан

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 1-сонидан олинди