Дуонинг ижобати
Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Дуонинг (ижобат бўлиши учун) арконлари, қанотлари, сабаблари ва вақтлари бор. Агар у арконларига
мувофиқ келса, кучли бўлади. Қанотларига мувофиқ келса, осмонга парвоз қилади. Вақтларига мувофиқ келса, муваффақият қозонади. Сабабларига
мувофиқ келса, зафар қучади. Бас, унинг арконлари – қалб ҳозирлиги ва хушудир. Қанотлари – ростгўйликдир. Вақтлари – саҳар пайтларидир. Сабаблари – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллашдир. Дуонинг шарти – лаҳн (хато)дан холи бўлмоқлигидир”.
Ким юқоридаги тавсияларга мувофиқ дуо қилса, албатта, унинг дуоси ижобат бўлмасдан қолмайди.
Уламолар Ибн Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларига дуонинг ижобат бўлиши учун ҳаром ишлардан четда бўлиш, емоқ-ичмоқ, либоснинг тозалиги, силаи раҳмни узмаслик, дуоим ижобат бўлмаяпти, деб шошилмаслик, дуода ғулу кетмаслик, тараддудланмаслик, воқеликда бор нарсаларни сўраш кабиларни қўшимча сифатида илова қиладилар. Ундан ташқари, муборак замонлар ва
маконларда қилинган дуолар ҳам мустажоб бўлади. Дуонинг қабул бўлишидаги яна бир энг муҳим сабаблардан бири ижобатини умид қилган ҳолда дуо қилишдир. Ҳадиси шарифда бу ҳақда бундай марҳамат қилинади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалблар идишдир. Баъзиси баъзисидан кўра кўпроқ сиғдиради. Шундай экан, эй одамлар, агар Аллоҳ азза ва жалладан
сўрасанглар, ижобатига аниқ ишонган ҳолда сўранглар. Зеро, Аллоҳ таоло ғофил қалбдан дуо қилган банда (дуосини) ижобат қилмайди”, дедилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган. Имом Ҳасамий “Мажмаъуз завоид”да унинг исноди ҳасан, деган).
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм