Ўн савобдан етти юз савобгача…
Баъзида шундай бўладики, бирор касб эгаларига ишингиз тушгунича улар ҳақида бошқача фикрда юрасиз, ишингиз тушганидан кейин фикрингиз бутунлай ўзгаради. Ҳатто аввалги тасаввурларингиздан бироз хижолат ҳам бўласиз. Айтадилар-ку, “Сизни бир одам алдайди-ю, кейин сиз минглаб одамларга ишонмай қўясиз”. Бунинг акси бўлиб, хайрли иш рўй бериб, сизга бир киши яхшилик қилса, сизнинг ўша касб эгаларига, борингки, ҳамма одамларга меҳрингиз тошиб кетади. “Қандай яхши одамлар бор!” деб севинасиз.
Ҳозир шундай шароитдамиз. Қизгинамиз вақти,соати етмасдан дунё юзини кўрди. Вазият жуда ҳам қалтис. Яшаб қолиши эҳтимоли ҳаммамизни қаттиқ қўрқувга солди. Шунда Фориш тумани марказий шифохонаси, туғуруқ мажмуасининг болалар бўлими бошлиғи Ҳулкар Норқозоқова бизга нажот бўлди, кўнглимиздаги ваҳимани кетказди. Чақалоғимизга ва ўзимга ғамхўрлик қилди. Керакли дори-дармонларни қилиб, ўзимизга келтириб олди.
Ҳулкар опага қараб туриб қандай миннатдорчилик билдиришни ўйлайман. Аммо унинг тинмай югуриб-елишлари, ҳар доим беморлар билан бандлиги туфайли мавридини топиб суҳбатлашишнинг имконини тополмайман.
Қуръони каримда инсонларга ёрдам берувчиларга қандай мукофотлар борлиги қуйидагича хабар қилинган: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло яхши ва ёмон амалларни ҳам ёзиб, уни қуйидагича баён этди: «Ким бир яхшилик қилишга аҳд этса-ю, аммо амалга ошира олмаса, Аллоҳ таоло унинг учун Ўз ҳузурида комил яхшилик қилди, деб ёзиб қўяди. Агар яхшилик қилишга қарор бериб, уни амалга оширса, унга Аллоҳ таоло Ўз ҳузурида ўн савобдан етти юз савобгача, ҳатто бундан бир неча баробар кўп савоб беради.
Мен жонкуяр, меҳрибон, фидойи ва малакали шифокор Ҳулкар опанинг ана шундай ажру савобларга эришишидан умидворман ва ҳар доим унга дунё ва охиратнинг яхшиликларини сўраб дуолар қиламан.
Марям ЖУМАҚУЛОВА