Гуноҳдан кейин тавба – фарзи айн, гуноҳи йўқнинг тавбаси – фазилат
“Эй одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тоқига етган бўлса ҳам, Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қилурман. Парво қилмайман”.
Агар банданинг қилган гуноҳлари булутларга етган бўлса ҳам, Аллоҳ таолога истиғфор айтса, уни мағфират қилади. Банданинг гуноҳлари катталигига парво қилмайди.
Келинг, сўзимизни одамлар орасида тавба ҳақидаги кўп учрайдиган хато тушунчалар ва уларнинг муолажасидан бошлайлик.
Биринчи хато тушунча шуки, гуноҳ ишга қўл уриб, тавбани ортга суриш. Чунки банда умрини қачон, қаерда ва қай ҳолатда тугашини билмайди. Кўп гуноҳ қиладиган ёш йигитга: “Тавба қил!” дейилди У: “Эртага”, деди. Йигит уйқуга ётиб, қайтиб ўрнидан турмади. Шунинг учун имкон борида тавбага шошилиш керак.
Иккинчи хато тушунча. “Аллоҳ кечиради” деб қайта-қайта бир гуноҳни такрорлайвериш. Бу тавбани ҳақиқий деб бўлмайди. Уламолар бундай тавбани “ёлғончининг тавбаси” дейишади.
Учинчи хато тушунча. “Аллоҳ мени кечирмайди” деб умуман тавба қилмаслик. Банданинг гуноҳи қанчалик катта бўлмасин, Аллоҳ таолонинг мағфирати ундан-да кенгдир. Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиш ҳаром амал ҳисобланиб, бундай ўйлаш мўминга асло ярашмайди.
Тўртинчи хато тушунча. тавба қилиш учун гуноҳ бўлиши керак, деган ўйда бўлиш. Одатда тавба гуноҳдан кейин бўлса-да, бироқ тавба учун бирор хатога қўл уриш ёки бирор сабабни кутиш тўғри бўлмайди. Тавба олий мақомлардан биридир. Уламолар гуноҳдан кейин тавба қилишни фарзи айн, гуноҳи йўқ кишининг тавбаси фазилат, дейдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар куни юз марта истиғфор айтишлари, тавба қилишлари мана шу қабилдандир. Ваҳоланки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларида бирор марта катта ёки кичик гуноҳ қилмаганлар.
Тавба қилишга имкон берилгани Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳматидир. Ҳеч бир киши Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмаслиги керак. Ноумид бўлиш шайтонга хос иш бўлиб, мўмин учун ҳаром ҳисобланади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Раббоний нидолар” китобидан
Китобнинг нашриётдаги нархи: 37000 сўм