Оиланинг бахти аёлга боғлиқ
Уйига қайтган эркак аёлида иши бўлса, бўлмаса, болаларидан “Онанг қани?” деб сўрайди. Аёлини кўрганидан кейин кўнгли хотиржам тортади. Боз завжаси қаршисида ширин табассум билан пайдо бўлса, олам чароғон!..
Завжаси бирор сабаб билан уйда бўлмаган кунлар эса ҳамма ҳозир бўлишига қарамасдан, уй ҳувиллаб қолгандек бўлади: совуқ, рутубатли, тафтсиз, зерикарли…
“Ва Унинг оят-белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Рум сураси, 21‑оят).
Аён бўлмоқдаки, аёл – яратилиш эътиборига кўра, наинки, сокинлик ва меҳр-муҳаббат манбаи, балки уй-ватаннинг ўзи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўмин киши тақводан кейин солиҳа аёлдан ҳам яхшироқ неъматга эга бўлолмайди. Солиҳа аёлга эри буйруқ берса итоат қилади; назар солса, кўзини қувнатиб дилини шод этади; унга боғлиқ қасам ичса эрнинг қасамини буздирмайди; эр уйда йўқлигида ўзи ва эрининг бойлигига қўриқчи бўлади” (Ибн Можа ривоят қилган).
Аён бўлмоқдаки, солиҳа аёл – итоаткор, кўзнинг қувончи, эрининг орининг, молининг ҳимоячиси. Бундай аёли бор одам бахтли бўлмаслиги мумкинми?
Уммон ортидаги нуфузли университетларнинг пешқадам олимлари оила барқарорлиги масаласида ўтказган тадқиқотлари юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифни илмий жиҳатдан тасдиқлади. Рутгерс ва Мичиган университети олимлари эрнинг бахти бевосита жуфти ҳалолининг ўзини қандай ҳис қилишига боғлиқ, деган хулосасини эълон қилдилар: оилада аёл ўзини қанчалик бахтиёр ҳис қилса, эр ҳам шунча бахтли бўлади.
“Аёл никоҳидан мамнун бўлса, эрини бахтли қилиш учун астойдил ҳаракатда бўлади. Эркаклар эса одатда, ҳисларини камроқ намоён қилади. Шунинг учун уларнинг туйғулари оилавий ҳаётга унчалик таъсир қилмайди”, дейди Рутгерс университети профессори Дебор Карр.
Тадқиқотда 60 ёшдан ошган ва битта турмуш ўртоғи билан ўртача 39 йил бирга ҳаёт кечирган 394 жуфтлик маълумотлари таҳлил қилинди.
Жуфтликларга эр-хотин сифатидаги муносабатларига доир саволлар берилди: тез-тез жанжаллашиб туришадими? Бир-бирини қанчалик тушунади ва ўзларини оилада қадр топган деб ҳисоблашадими? Бундан ташқари, ҳар бир эр-хотиндан телевизор кўриш ёки бозор-учар қилиш каби одатий машғулотларни биргаликда бажаришлари ҳамда ўзларининг 24 соат давомидаги ҳис-туйғуларини кундаликларига ёзиб боришлари сўралди.
Кузатувлар натижасида ҳаётнинг барча жабҳаларидан мамнун бўлган одамлар оилавий ҳаётидан кўпроқ қониқиш ҳосил қилиши аён бўлди.
Каррнинг айтишича, агар эркак касал бўлиб қолса, аёлнинг бахтиёрлиги ғойиб бўлади, аммо эркакларда бундай бўлмайди.
“Ҳеч кимга сир эмаски, эри касал бўлиб қолса, унинг соғлиги учун ўзидан ҳам кўпроқ қайғурадиган, ғамхўрлик қиладиган – аёлдир. Аёл касал бўлиб қолган ҳолларда эса эрига эмас, балки ўзига ва агар бор бўлса, қизига таянади”, деб қўшимча қилади олим.
Чикаго университети олимлари тадқиқотида эрнинг соғломлиги никоҳ сифатининг асосий омили эканини, аммо бахтли оилавий ҳаётнинг калити унинг тасарруфида эмаслигини кўрсатди.
Калифорния университети ва Шимоли-ғарбий университет тадқиқотчилари 80 дан ортиқ жуфтликлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг видео тасвирларини таҳлил қилиб, уларнинг ўртада чиққан келишмовчиликларни қандай ҳал қилганликларига эътибор қаратишди. Оилавий муросасизликларда бошлаб аёл киши тинчланган оилаларнинг бахтлироқ эканига қайта-қайта гувоҳ бўлдилар.
Ушбу тадқиқотчилар оила ҳаётининг барқарорлиги аёлнинг бахти ва мамнунлигига боғлиқ деган хулосага келишди. “Ғазаб ва нафрат оилада ҳалокатли бўлиши мумкин. Аммо тадқиқотимиз шуни кўрсатадики, агар турмуш ўртоқлар, айниқса, аёллар ўзларини тинчлантиришга қодир бўлса, никоҳлари гуллаб-яшнашда давом этади”, дейди руҳиятшунос Лиан Блоч.
Тадқиқотнинг учовида ҳам кекса жуфтликлар иштирок этди ва олимлар оилавий муносабатлар ёши улуғларнинг соғлиғига сезиларли таъсир кўрсатишини таъкидладилар.
Юқоридагилардан аён бўладики, қиз болани ўзига муносиб номзодга турмушга бериш керак. Зеро, донишманд халқимизнинг ҳам “Тенг тенги билан…” “Суймаган ошини ичирманг” мазмунидаги ҳикматлари бор. Негаки, у турмуш ўртоғини ёқтирса, ўзи ҳам унга ёқишга ҳаракат қилади ва ҳар доим хизматига шай туради. Юзида-кўзида бахтиёрлик нашъаси барқ уради ва ана шу саодат эрини ҳам бахтдан масрур қилади.
Дамин ЖУМАҚУЛ