Заррин туйғулар… Сиз ва мен
Баҳор. Она заминга зангор кўрпачалар тўшалган гўё. Олисларга боқсам, оппоқ дўппи кийган тоғлар – раҳматли отам бағрига чорлаётгандек. Ўйноқи шаббодалар нималар ҳақидадир шивирлаб, тинчимни ўғирлайди. Табиат уйғонган: ер остида тирик жон борки, ғимирлаган, ер устида тирик жон борки, тириклик ташвишин чеккан. Тириклик нашидасидан сармаст бўлар эканман, номсиз туйғулар юрагимга соғинч бўлиб қуюлади. Кимнидир кўргим, пойида тиз чўкким, дилимдаги нолаю фарёдимни, қувончу орзуларимни айтгим келади. Аммо кимга?
Шу пайт Румий ҳазратлари келиб дейдилар: “Қуръонга кўзинг билан боқсанг, ёзувни кўрасан. Ақлинг билан қарасанг – илмни кўрасан. Қалбинг ила боқсанг, ишқни кўрасан. Бутун руҳинг билан боқсанг, Раббингни кўрасан!”
Баҳор юрагимга Раббим соғинчини солди…
***
Ўқидим. Кўплаб китоблар ўқидим. Китоблар дунёсида китобларга айланиб яшадим. Ётсам – китоб, турсам – китоб. Ўнгимда китоб, рўёларимда китоб. Шунданми, тилларим фақат ботинимда айланади. Давраларга кирсам, тилларим эмас, кўзларим сўзлайди. Аммо буни ким ҳам тушунарди! Гапирмасам, юрагимни тўкиб сололмасам. Тилларимга тошлар осилган. Майли-да, давраларда ёлғон-яшиқни қўшиб гурилламасам. Кўзларига қараб туриб ёлғон фитна тўқимасам. Башараларига гезариб боқиб, қорани кўрсатганида йўқ, бу оқ деб туриб олмасам… “Минг йил ўқисаму, мендан “Нимани билдинг” деб сўрасалар, “Ҳаддимни билдим”, дейман (Ж. Румий).
***
Одамлар нега бунақа? Нега бир-бирини алдайди, нега бир-бирига туҳмат тошларини отади? Нега кераксиз урушларни излаб топишади? Осудаликка нима етсин! Замин узра чўзилиб ётиб кўкка боқишни, кўк билан суҳбатлашишни, кўк билан сирлашишни ёқтираман. Болалигимда синглим иккимиз кўм-кўк бедазорда ётиб олиб, осмонга боқиб шеърлар айтардик. Кўп шеър айтиш бўйича алламаҳалгача баҳслашардик. Ҳамиша мен ғолиб бўлардим. Чунки ёд олган шеърларим етмай қолса, ўзим тўқиб давом эттирардим. Бизнинг болалигимизни интернет ўғирламаганди, бизнинг беғубор онларимизни телефон ўғирламаганди… Ҳар қандай цивилизациянинг энг юқори чўққиси – охир-оқибат пастга қулаш. Мен шу қулашдан қўрқаман. Ўзим учун эмас, набираларим, келажак авлодим учун қўрқаман. Шуларни ўйлар эканман, юрагимни қўрқув, хафалик, дилхиралик эгаллайди. Ҳазратим хаёлимда ёнгинамга келиб, “Хафа бўлманг! Оёғингизга ботаётган тиканлар сиз қидириб бораётган гулнинг хабарчисидир…” деяётгандек бўладилар. Юрагимга таскин инади…
Зебо ОМОНОВА