Фақиҳлар таъбирида Ватан тушунчаси
Фақиҳлар Ватанни учга бўладилар:
1, Ватани аслий (аслий ватан). Аслий ватан – инсон туғилган манзил ёки оилали бўлган жой.
2. Ватани иқома (вақтинча истиқомат қилинадиган ватан ёки сафар ватани ҳам дейилади). Ватани иқома – унда оиласи бўлмаган, ўн беш кун ёки кўпроқ туришни ният қилган шаҳар ёки қишлоқ.
3. Ватани сукно (бироз туриш мақсад қилинган ватан).
Ватани сукно – мусофирнинг ўн беш кундан озроқ туришни ният қилган маскани, манзили. Киши ватанидан бошқа бир жойга сафар қилишни хоҳласа, шариатимиз унга фарз намозларни қаср қилиб ўқиш, маҳсига масҳ тортиш муддатининг бир кундан уч кунга узайиши, Рамазон рўзасини тутиш мубоҳга айланиши каби бир қанча енгилликларни беради.
Фақиҳлар ҳажнинг ҳикмати ва савоби улкан эканига Ватан фироқи ва ўрганиб қолган нарсадан айириш билан нафсга тарбия беришни сабаб қилиб келтирадилар. Имом Зайлаъий раҳматуллоҳи алайҳ “Табйинул ҳақоиқ” китобининг Ҳаж бобида айтади: “Ҳажнинг ҳикмати ватан, дўстлар, ака укалар, оила ва ота-онадан ихтиёрий айрилиш билан нафсни ўлдиришдир”.
Имом Қарофий раҳматуллоҳи алайҳ “Аз-захира” китобида: “Ҳажнинг фойдаларидан (бири): нафсга ватан фироқи билан одоб бермоқликдир”, деган.
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws