ҲАЖ ИХЛОС ВА ДУО ИЛА МУКАММАЛ БЎЛАДИ!
Бугун, 1 июнь куни Макка шаҳрида жойлашган “Al-Ayam Elite” меҳмонхонасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бўлғуси ҳожиларимизга навбатдаги суҳбатни қилиб бердилар.
Муфтий ҳазратлари маъруза аввалида зиёратчиларимизга бу диёрда Ҳақ таоло ваҳий нозил қилгани, Расул алайҳиссалом, саҳобалар яшаганлари, шу боис бу ернинг ҳурматини сақлаш, шукр ва зикрни кўпайтириш, тоат-ибодат, яхшиликларда бардавом бўлиш, гуноҳ-маъсиятлардан эса бутунлай сақланиш лозимлигига урғу қаратиб, энг сўнги саҳоба – Абу Туфайл ва Абу Даҳдаҳ розияллоҳу анҳулар ҳақларидаги таъсирли воқеаларни сўзлаб бердилар.
Дилдан қилинган суҳбат чоғида Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ҳақ таоло Ўзининг ибодатига чақирган барча бандаларини яхши кўриши, Роббимиз муқаддас маконда дуога очилган қўлларни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилиши, шу боис дуоларни кўп ва хўп қилиши кераклиги, бунда ортда қолган яқинларни, она юрт ва ватандошларимизни-да унутмасликни алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари мабрур ҳаж, яъни ҳеч қандай гуноҳ аралашмаган, қабул бўлган ҳаж қандай бўлиши, бунда тавба, ихлос, ҳалол-пок мол, эҳромнинг талабларига амал қилиш, ибодатни чиройли адо қилиш лозимлигини баён этдилар.
Суҳбат сўнгида қалблари ёришиб, кўзлари намланган зиёратчиларимиз Муфтий ҳазратларининг барчанинг ҳажи мабрур бўлиши, элу юртимиз фаровонлиги, эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг бахту иқболини сўраб қилган дуоларига омин, дея қўл очдилар.
Айни кунларда Макка шаҳридаги меҳмонхоналарда уламолар, имом-хатиблар ва элликбошилар томонидан ҳаж ибодатига оид илмий-маърифий суҳбатлар ҳамда савол-жавоблар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати