Бировдан нарса сўрамаслик
Асҳоби киромдан Авф ибн Молик ал-Ашжоий розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади:
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнида ўтирган эдик. Тўққиз ё саккиз ёки етти киши эдик. Расули акром соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга:
– Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизми? – дедилар.
Аммо биз у зотга яқиндагина байъат қилган эдик. Шунинг учун ажабланиб:
– Ё Расулуллоҳ! Биз сизга байъат қилдик-ку! – дедик.
Бироздан сўнг такроран:
– Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизми? – дедилар.
Биз яна:
– Ё Расулуллоҳ! Биз сизга байъат этган эдик, – дедик.
Учинчи марта:
– Аллоҳнинг Расулига байъат қилмайсизми? – дедилар.
Дарҳол қўлларимизни узатиб:
– Ё Аллоҳнинг Расули! Биз сизга олдинроқ байъат қилган эдик Энди яна ниманинг устига байъат қиламиз? – деб сўрадик.
Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб:
– Аллоҳга қуллик этмоқ ва Ундан бошқасини тангри ўрнида кўрмаслик, беш вақт намозни ўқимоқ, Аллоҳга итоат этмоқ, – дедилар ва овозларини пасайтириб, яна бир жумла қўшдилар, – ва ҳеч кимсадан бир нарса истамаслик узра байъат қиласиз.
Қасамки, кейинлари ўша байъат этганлардан баъзиларини кўрдимки, уловининг устида эканида қамчиси ерга тушса бирор кимсанинг уни ердан олиб беришини истамас эди[1].
Профессор, доктор Меҳмет Яшар КАНДЕМИРнинг “Саҳобадан 101 хотира” китобидан
Таржимон: Дамин ЖУМАҚУЛ
[1] Муслим, Закот, 108; Абу Довуд, Закот, 27; Насоий, Салот, 5; Ибн Можа, Жиҳод, 41