ШАҲВАТ, ШУҲРАТ, РИШВАТ
“Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар оталарингиз, фарзандларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, меҳнат билан топган мол-мулкларингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз ва ёқтирган масканларингиз, сизлар учун Аллоҳ ва Расулидан (Мадинага ҳижрат қилишдан), Унинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилишдан (кўра) суюклироқ бўлса, (унда) то Аллоҳ ўз амри (азоби)ни келтиргунига қадар кутиб турингиз! Аллоҳ (эса) фосиқлар қавмини ҳидоят этмагай”(Tавба сураси, 24-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккани фатҳ этганидан кейин ўн икки минг кишилик қўшин билан Тоифдаги Ҳавозин ва Сақиф қабилалари устига юриш қилдилар. Ислом лашкарининг кўплигини кўрган баъзи мусулмонлар “Бу қўшин энди енгилмайди”, қабилидаги гапларни гапириб, ўзларини шавкатли, енгилмас, мағлубият нималигини билмас лашкардек ҳис қилиб бораётганди.
Бироқ Ҳунайн водийсида ўзларидан анча камчилик бўлган мушриклар билан юзлашганида қалбларига ваҳима тушиб пароканда бўла бошладилар. Чунки улар сонининг кўплигига ишонишганди. Юқоридаги ояти карима ана шу хусусни изоҳламоқда. Шавкат, кўплик билан мақтаниш, ғурурланиш, устунликни ўзларида деб ҳисоблаш қанчалар хато иш. Қуйидаги оят масалани янада очиқроқ ифода этган:
“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур. Охиратда эса (қай бирларингиз учун) қаттиқ азоб, (қай бирларингиз учун) Аллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Дунё ҳаёти фақат алдов матоҳидир” (Ҳадид сураси, 20-оят).
Қуръони каримнинг ушбу ояти каримаси дунё ҳаётини, зийнатини, молини, мулкини, моҳиятини қандай чиройли таърифлаб берган.
Дунё ва охират ҳаёти муқояса этилган мазкур оятда, хусусан, дунё ҳаётининг ёлғончи тарафлари изоҳланган, улардан қочиш, уларга сиғинмаслик тавсия қилинган.
Чунки дунё ва унинг аҳиллари беҳуда яратилмагани ўрни-ўрни билан турли оятларда таъкидланган. Дунё ҳаёти ёмон эмас. Қачон ёмон бўлади? Ўлим унутилганда, охирот ҳаёти иккинчи ўринга ўтиб қолганда, дунё ҳаётида амалсизлик, ҳаракатсизлик ҳукм сурганда дунё ҳаёти ёмон ва хароб бўлади.
Бошқа тарафдан ёмон бўлгани Аллоҳга ва Пайғамбарига итоат этмаслик, охиратни ва инсонийликни унутиб, Қорунга тақлид қилиш, Фиръавинлашиш ва фақат дунёга ва дунёнинг ўткинчи нарсаларига берилиб кетишдир.
Исломнинг дунё ҳаётига муносабатини ҳеч нарса шу оятлардек чиройли тушунтира олмайди.
Аммо бу оятлар берган хабарни бир жумла билан умумлаштирадиган бўлсак, улар ўтмишда зоҳир бўлганидек, айниқса, бугунги кунга келиб тобора кучайиб бораётган дунёпарастлик хавфи ва таҳдидидан огоҳлантирганини айтиш мумкин.
Бошқачароқ қилиб айтганда, Қуръони карим ушбу оятларда мусулмоннинг Аллоҳни ва охиратни унутиб ёки уни бир четга суриб, дунё ҳаёти ва унинг лаззатларига берилиб кетмаслигини, дунё ва охират ҳақидаги билимини йўқотмаслигини, танлашда хато қилмаслигини амр қилади.
Ушбу оятлардан зоҳидлик ёки ёлғизлик тушунчасини, айниқса, дунёвий ҳаётга бутунлай қарама-қаршилик маъносида тушуниш ҳеч қачон мумкин эмас. Бироқ бу оятларда бир нуқта бор: оятлар глобал капитализм, истеъмол маданияти ва телбаликка, завққа берилишдан ҳам ошиб “эгаменлик” ҳукм сураётган бугунги ислом оламининг келажаги учун ҳаётий аҳамиятга эгадир.
Сўз бораётган масала юқоридаги оятларда ифодаланган қадриятларни ва Қуръон таълимотларини унутиш, менсимаслик ва эътиборсизликдан келиб чиқади. Дарҳақиқат, дунё ҳаёти, мавқеи, пули, бойлиги, куч-қудрати, шон-шуҳрати ортидан қувиш иштиёқи билан “шаҳват,шуҳрат, ришват” шайтоний учбурчагида қолиб кетиш; дунё ҳаётининг асирига айланиш, оқибатда Аллоҳни, охират ва ҳисоб-китобни унутиш ислом олами ва мусулмонларни кутаётган энг катта хавфу хатар эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак. Шу нуқтаи назардан, мусулмонларга юқоридаги оятларни доимий равишда эслатиб туриш ва бу орқали дунё ҳаётига нисбатан мувозанат онгини шакллантиришга ҳаракат қилиш фикр эгаси бўлган мусулмонларнинг энг муҳим вазифаларидан бўлиши керак.
Акс ҳолда, келажакда дунёвийлашган, мазмунсиз Ислом пайдо бўлишини, у Аллоҳ ва Расулининг Исломи бўлмаслигини, энг камида тажовузкор кучлар истаётган турдаги “мўътадил” деб аталувчи, аслида бўйсундирилган капиталистик Исломга олиб келиши мумкин.
Дамин ЖУМАҚУЛ