ИЛМИЙ-АМАЛИЙ СЕМИНАР БОШЛАНДИ
Бугун, 6 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ёш диний соҳа ходимларининг ахборот, медиа ва коммуникациялар бўйича саводхонлигини оширишга қаратилган I илмий-амалий семинари бошланди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган семинар аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ёшларга мазкур йўналишдаги муҳим тавсияларни тақдим этдилар.
Муфтий ҳазратлари ўз нутқларида юртимизда ёшларга берилаётган кенг имкониятларни сўзлаш баробарида ёш соҳа ходимларини касб-маҳоратларини доимий ошириб бориш, ўз устиларида мунтазам ишлашга чақириб, бугунги давр билан ҳамнафас бўлиш, замонавий илм-фанларни эгаллаш ва ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш зарурлигини ўқтирдилар. Шунингдек, пешволик мақоми, мавъиза қилиш одоблари, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этиш ва дин ғами, халқ дарди ҳамда Ватан тақдирини ўйлаб, туну кун хизмат қилиш кераклигини таъкидладилар.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бўлим мудири Нурали Орипов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръон ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ва филология фанлари доктори Беруний Алимов кабилар ўз маърузалари билан қатнашдилар.