Бидъатлардан йироқ бўлайлик!
Бидъатлар динимизда қаттиқ қораланган. Масалан, “боболар”га атаб ош пишириш, “момолар” учун чучвара тугиш ёки яқинлари ўтган инсонларнинг узоқ муддат аза тутиши, исён қилиб дод-вой солиши ва ҳоказолар.
Бир келиннинг қуйидаги гапи айрим илмли инсонларнинг ҳам бундай ҳолатларга бефарқ
бўлаётганини кўрсатади:
«Қайнотам илмли, иймонли инсон. Одамлар турли масалалар юзасидан маслаҳат сўраб у кишининг олдига келадилар. Бироқ қайнонам “момолар”га атаб чироқ ёққанида, у кишига:
“Бунинг бидъатлигини ойимга ётиғи билан тушунтиринг”, десам, қайнотам: “Бу ҳақда кўп бора айтганман, бу иш хурофот эканини далил-ҳужжатлар билан тушунтиряпман”, деди».
Ҳа, айрим инсонлар онгига “Муаммоларни ҳал қилиш учун маросимлар ўтказиш керак”, деган нотўғри тушунча сингиб қолган. Бу ҳолат, афсуски, ёши улуғ инсонларда кўп учрамоқда. Бидъатлар инсоннинг бу дунёсига ҳам, охиратига ҳам зарарли эканини унутмаслигимиз керак.
Бидъат ишга қўл урган ҳар ким на моддий, на маънавий фойда топмаган. Аксинча, хурофотларни қилган киши ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам гуноҳга ботишига сабабчи бўлади. Айрим аёллар тақлидга ўч бўлишади. Ижтимоий тармоқларда бирор бидъат ишни кўрдими, дарҳол уни қилгиси келиб қолади. Бир аёл фолбинга борганини кўрса, ўша жодугарнинг манзилини ахтариб қолади.
Ҳадиси шарифда ким бирор асоссиз, гуноҳ ишни қилса, ундан кейин ўша ишни ким қилса, биринчи қилган одамга ҳам гуноҳ ёзилиши баён қилинган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрича ажр уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳича гуноҳ уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Имом Нобулсий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алай ҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масалаларида бирор янги нарсани қўшишдир».
Аслида, ҳеч бир бидъат-хурофот харажатсиз амалга оширилмайди. Фолбиннинг олдига бориш учун ҳам, унинг жирканч ишига ҳақ тўлаш, “боболар”, “момолар” учун ош пишириш, чучвара тугиш ва яна аллақандай ирим-сиримлар – ҳамма-ҳаммаси чиқим талаб қилади.
Бефойда, бемаъни ишларга сарфланаётган ана шу харажатларни дори-дармонига пул тополмаётган беморларга, ўқишининг шартнома пулини тўлашга қурби етмаёган талабаларга, қарздорларга берсак, жуда кўп савобни қўлга киритган бўламиз. Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, уни ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Беш кунлик умримизни беҳуда, бемаъни ишларга, бидъат-хурофотларга эмас, балки хайрли ишларга сарфлайлик. Шундагина пушаймон бўлмаймиз.
Зулайҳо СОАТОВА,
Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
“Мўминалар” журналининг 2024 йил 2-сонидан