Авлиёлар таъбирида Ватан тушунчаси
Тасаввуф намояндаларининг ибратли ҳаётлари биз учун катта тажриба мактаби ҳисобланади. Ундан ватанга бўлган муҳаббат борасида баъзи парчаларни келтирамиз.
Шайх Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳ.
Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳнинг яшаган даври ўта оғир, шиддатли ва мураккаб эди. Ўша вақтлар мўғулларнинг Марказий Осиёга ҳамлалари кучайиб, Чингизхон аскарлари Мовароуннаҳрдаги йирик илм шаҳарларини бирин-кетин аёвсиз босиб олаётган эди. Чингизхон аввал Бухоро, кейин Самарқандни вайрон қилади. 1221 йилнинг июль ойида Чингизхон аскарлари Хоразмга юзланади. Тарихчилардан Ибн Асир раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Чингизхон ўз юришларида энг кўп аскарни Хоразмга жўнатган. Чунки Хоразм аҳолиси кўп эди. Бундан ташқари, хоразмликлар шижоат ва матонат билан танилган эдилар. Ўртада аёвсиз жанг бўлди. Мўғуллар шаҳарни беш ой қамал қилиб туришди. Ҳар икки томон кўп қурбонлар берди. Лекин душман томоннинг талафоти кўпроқ эди. Чингизхон яна ёрдам кучларини жўнатди.
Тарихчиларнинг ёзишича, Нажмиддин Кубро раҳматуллоҳи алайҳга Чингизхон томонидан унга қўшилиш таклифи бўлганда, ўйлаб ўтирмай рад этган. Хоразмшоҳ у зотга олтмиш нафарга яқин шогирди билан шаҳардан чиқиб кетиш таклифи айтганида кўнмаган.
Шогирдларига: “Сизлар кетаверинглар, мен душман билан олишаман”, деб шаҳарда қолган.
Душман шаҳарга киргач, Нажмиддин Кубро шайхининг хирқасини кийиб жангга кирган ва мўғул босқинчилари томонидан шаҳид этилган.
Нажмиддин Кубро ҳазратларининг шижоат, жавонмардлик ва ватанпарварлик каби эзгу ахлоқий сифатлари бизнинг замонимизда ҳам тарбиявий жиҳатдан ўз қийматини йўқотмаган, десак хато бўлмайди. У зотнинг ватанпарварлик сифатини намоён қилишлари бугунги кун ёшлари қалбида ватанпарварлик ҳиссини янада оширмоғи тайин.
Абу Наим раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ҳилятул авлиё” китобида Иброҳим ибн Адҳам раҳматуллоҳи алайҳнинг Ватан ҳақида айтган сўзларини келтириб бундай дейди: “Ибодат билан машғул бўлдим. Мен ўзимда нафснинг ватанга интилишидан кўра шиддатли-оғир нарсани топмадим”. Яна бошқа сўзида: “Тарк этганларим ичида ватандан айрилиш шиддатини бирор нарсага ўхшата олмадим”.
Машҳур мутасаввиф олим Сўфи Оллоёр раҳматуллоҳи алайҳ Ватан ҳақида қуйидагиларни айтади:
Яқин бил, кимни кўпроқ айласанг ёд,
Бўлур дўстунг сани, эй одамизод.
Билур ҳар одам ўғли бўлса уйғоғ,
Ватаннинг аслидур бизларға туфроғ.
Сўфи Оллоёр ҳазратлари юқоридаги байтда бизга қуйидагиларни насиҳат қилмоқда.
Ўзини ҳазрати инсонга мансуб эканлигини даъво қилувчи ҳар бир ғафлат уйқусидан уйғоқ, сергак одам “Ватан” деганда одамнинг лойдан яратилганига ишора қилиб, тупроқни тушунмоғи кераклиги уқтирилмоқда. Дарҳақиқат, инсоннинг асли тупроқдан яралган.
Ким шу тупроқни қадрлар, Ватаним, деб ҳурматини жойига қўяр экан, билсинки, у инсон, аввало, бу билан ўзини, аслини ҳурмат қилаётир. Ўзини, аслини ҳурмат қилмайдиганлар эса ўзгаларни ҳеч қачон ҳурмат қилмайди
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws