Замондош уламолар
Алихонтўра ҳазратлари: Ҳар бир инсон учун муқаддас ҳисобланган тўрт нарса бор, улар: “Ҳур ва озодлиги, пешона тери меҳнати билан топган молига ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган она ватани, асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кимсалар инсонлик шарафидан маҳрумдир”, деган эдилар.
Азҳар университети Ислом маданияти (факультети) устози, доктор Закий Усмон таъкидлаганидек: “Ватанга мансублик қуруқ шиор ёки оғизда қолиб кетадиган сўзлардан иборат эмас. Балки у муҳаббат, ихлос, фидокорлик, қурбон бўлиш демакдир”.
Ватан қадри билан миллат юксалади. Ватан ислоҳоти билан инсон бахтли бўлади. Айнан ватаннинг умумий ва тўлиқ тушунчаси ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “…У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди…” ва “Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда сизлар учун маиший воситаларни (пайдо) қилдик Лекин сизлар жуда оз шукр этарсизлар” (Аъроф сураси, 10-оят). Бу оятлардаги обод қилишга амр қилинган ер заминдир.
Ватан – замин, миллат, тузум, қадр-қиммат, ирода ва бошқарув демакдир. Инсон ва бағрида ҳаёт кечираётган ватани ўртасида умумий тақсим мавжуддир. Бу тақсим ватан ерини ташкил қиладиган тупроқда яққол намоён бўлади. Мана шу тупроқдан яратилдик, унинг устида ҳаёт кечирамиз ва остига дафн қилинамиз. Аллоҳ таоло бизни то қиёмат кунида қайта тирилтиргунича…
Аллоҳ таоло айтади: “Сизни тупроқдан яратгани ва сўнгра сизлар башарга айланиб тарқалишингиз Унинг оят-белгиларидандир” (Рум сураси, 20-оят).
Шундай экан, инсон бу дунёда фасод қилиш учун эмас, обод қилиш учун яратилгандир. Чин мўмин киши Ватан қадрини билади. Унга бўлган мансубликни ҳар қандай мансубликдан устун қўяди. Ватанга бўлган муҳаббат дабдаба ва ҳашам эмас, балки у душманларга қарши вожиб саналган юрт ҳимоясида туришдай, ундан узрсиз қолиб бўлмайдиган шаръий вожиб амалдир.
Доктор Муҳаммад Дусуқий: “Ислом ватанга муҳаббат қўйиш ва мансубликни ақиданинг бир қисми этиб, юрт тупроғини ҳимоя қилишни муқаддас бурч қилиб қўйди. Муборак набавий сийрат бизга исломда ватаннинг ўрнини гўзал тарзда гавдалантириб, кўрсатиб беради.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб чиққанларида йиғлаганлар. Маккага маҳзун ҳолда қайта-қайта қараганлар ва: “Аллоҳга қасамки, албатта, сен Аллоҳнинг энг яхши ерисан ва мен учун Аллоҳнинг энг маҳбуб шаҳрисан. Агар аҳлинг мени сендан чиқармаганида, чиқмас эдим”, деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ватанларидан мажбур чиқдилар. Рисолатни етказиш учун Мадинага бордилар. Шунга қарамай, кўнгиллари доим туғилиб ўсган Макка томон талпинар эди. У зотнинг қалблари Аллоҳ таолонинг: “Сенга Қуръонни фарз қилган Зот, албатта, сени қайтар жойга қайтаргувчидир…” (Қасос, 85-оят), ояти нозил бўлгунича таскин топмади.
Ислом бизга Ватанни севмоқ имондандир деб ўргатганини илова қиламан. Инсон ватансиз қочоқ ёки бегонадир. Эркинлик ва қадр-қимматни сезмайди. Табиий равишда ҳаёт кечиролмайди. Инсоннинг ҳуррият ва азизлиги ўзи мансуб бўлган, ҳимоя қиладиган, фуқаролигини қабул қилган, зиммасидаги вазифаларни бажарадиган, ҳуқуқларидан фойдалана оладиган ватандагина рўёбга чиқади. Бу нарса инсоннинг қариндошлари ҳамда оиласи билан бирга, туғилиб ўсган ватанида ҳаёт кечиришида янада яққол кўринади. Агар кишининг ватани бўлмаса, у бошқалар ҳисобига яшайди. Шараф ва иззатни сезмайди ҳам. Замондош олимлардан бири: «Мен диним учун ватанимга жонимни қурбон қиламан дейдиган кишини эшитган вақтингизда, билингки, у диннинг ҳам,
Ватаннинг ҳам маъносини тушунмабди”, деган эди»
“Исломда ватан тушунчаси” китобидан
Муаллиф: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: “Shamsuddinxon Boboxonov”
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-12-672-5
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ
http://hidoyatuz.taplink.ws