“Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан”
Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Ҳақиқатан, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Устозларимиз ўгити, кексаларимиз панд-насиҳатларига амал қилиб борсак, асло кам бўлмаймиз. Бу билан устоз ва мураббийларимиз олдидаги илк бурчимизни адо этган бўламиз. Инсон, аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди. Халқимиз устозларни эъзозлаб:
“Устознинг умри – мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, – дейди. Ҳа, жуда ҳам тўғри фикр. Муаллим – устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Устоз ва мураббий! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъи назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади. Шу тобда кўз ўнгимизда қўлимизга қалам тутқазиб, эндигина илм оламига етаклаган биринчи устоз-муаллим, қийналиб турганимизда масаланинг тугунини ечишга ёрдам қилган, биргина шу амали билан умр бўйи ёдимизда қолган киши гавдаланади. Қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимизни, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз. Буюк шоиримиз Абдулла Орипов ёзганидек,
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор,
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.
Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Ўзиб бўлармикан юзта ганж билан.
Камолиддин АЛИМОВ