Дунё олимларининг нигоҳи, аксарининг қадами Ўзбекистонда
Ўзбек заминига қараб одим отиш, ушбу муборак масканда яшаб ўтган, ушбу заминнинг ҳавосидан нафас олиб вояга етган, мактаб-мадрасаларида илм ҳосил қилган ва камол топган улуғ уламоларнинг мақбараларини зиёрат қилиш, нурафшон Ватанимиздаги илмий масжлисларда иштирок этиш – дунё олимларининг эзгу орзуларидан биридир.
Ўзбекистонимизда истиқлол йилларида инсонларни тинчликка, эзгуликка даъват этадиган илмий-амалий тадбирлар вақти-вақти билан ташкиллаштирилиб борилиши анъанага айланган. Ана шундай файзли тадбирлар яқин кунларда бошланиши арафасида. Юртимиз жорий йилнинг 15-16 октябрь кунлари “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзуидаги халқаро анжуманга мезбонлик қилади. Мазкур тадбир Тошкент ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Она Ватанимизга катта иштиёқ билан ташрифи қудум қилаётган алломалар: замонамизнинг мужтаҳид олимларидан бири, Ислом иқтисоди бўйича дунёнинг энг етук мутахассиси, “Дорул улум” университети ректори ўринбосари, Ислом олами бирлиги ташкилоти қошидаги Ислом фиқҳи академияси, Европа фатво ва тадқиқот қўмитаси ва бошқа кўплаб ташкилотларнинг раиси ва аъзоси Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ; Бутунжаҳон мусулмон уламолари уюшмаси раиси, Доха динлараро мулоқот маркази раиси, Қатар университетининг Шариат ва исломшунослик факультети профессори Шайх Али Қорадоғий; Миср Араб Республикаси Бош муфтийси Назир Муҳаммад Айёд; “Ҳинд уламолари” жамияти раиси ва Девбанд мадрасаси мудири, забардаст олим мавлоно Аршад Маданий ҳафизаҳуллоҳ; замонамиз муҳаддисларидан бири – Шайх Муҳаммад Аввома; “Инсониятга хизмат исломий илмий конференция”си раиси, “Имом Муҳаммад Қосим Нанутавий халқаро исломий мукофоти” ташкилоти таъсисчиси ва бош котиби Доктор Муҳйиддин Аввома; Ислом илмлари халқаро университети, ҳанафий фиқҳи факультети мудири, устоз доктор Салоҳ Муҳаммад Солим Абулҳож; Туркия диёнат вақфи Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM) раҳбари Доктор Муртазо Бедир ва яна кўплаб донгдор уламолардир.
Мазкур анжуманда ана шу улуғларнинг қаторида яна Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Иордания, Ўмон, Россия, АҚШ, Франция, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ҳиндистон ва Покистон каби дунёнинг 22 мамлакатидан 70 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилот раҳбарлари, дин арбоблари, муфтийлар ва таниқли уламолар иштирок этадилар.
Анжумандан кўзланган асосий мақсад – глобаллашув шароитида Ислом дини қадриятлари, унинг тинчликпарварлик моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ёшларни диний бағрикенглик ва умуминсоний ғояларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда Ислом динига ёт радикал қарашларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантириш ва бунда Ўзбекистон тажрибасини, динийлик ва дунёвийлик мувозанатини сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини халқаро жамоатчиликка етказишдан иборат.
Халқаро анжуманда иштирок этиш ниятида юртимизга ташриф буюраётган зотларнинг ҳар бири муборак динимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фазилатли олимлардир. Зеро, инсоният эзгуликка ва тинчликка ҳар доимгидан ҳам кўпроқ муҳтож. Ана шуларнинг асоси эса Исломдадир.
Тарихда шундай замонлар бўлганки, мамлакатлар, ҳатто минтақалар ўртасида чиқиши тайин бўлиб қолган низоларни, турли можароларни аҳли илмлар бартараф этганлар. Жумладан, темурийлар ўртасидаги можаролар ҳар доим Хожа Аҳрор Валий раҳматуллоҳи алайҳ аралашуви билан ижобий ечим топган.
Анжуман доирасида қадим Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам ўтказилади.
Буюк аждодларимизнинг фитратида азалдан Исломга мойиллик бўлгани туфайли юртимизга Ислом кириб келганидан кейин орадан бир аср ҳам ўтмасдан, аниқроғи, саксон йил ичида Имом Бухорий, унинг ортидан Имом Термизий етишиб чиқди. У зотнинг «Китобу азим» («Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ»), бу китоб «Саҳиҳут-Термизий» номи билан машҳур. Шунинг билан бирга, «Шамоилун-Набавия», «Илалу муфрад», «Илалу фий охири жомеъ», «Китобуз-зуҳд», «Китобут-тарих», «Асмоус-саҳоба», «Ал-Асмо вал куна», «Китобу фил асарил мавқуфа» асарлари бор.
Айниқса, у зотнинг «Сунан» китоблари ниҳоятда фойдали бўлиб, такрор сўзлари оз, чиройли тартибда ёзилгандир. Абу Али Мансур ибн Абдуллоҳ Холидий Имом Термизийнинг «Ал-Жомеъус-Саҳиҳ» китобларини сифатлаб: «Кимнинг уйида мана шу китоб бўлса, гўёки уйида Пайғамбаримиз гапираётгандек бўладилар», деб айтган.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйимизда гапираётгандек бўлишларига муносиб ҳисса қўшган зот бизга мерос қилиб қолдирган илмий меросни ўрганиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун ғоят манфаатлидир. Фойдалилик даражаси қанчалик баландлигини Халқаро анжуман иштирокчилари – улуғ олимлар сўзлаган маърузаларни тинглаб янада кўпроқ билиб оламиз, иншоаллоҳ.
Дамин ЖУМАҚУЛ