Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода:“БУ ДИЁРНИНГ АЛЛОМАЛАРИ ИСЛОМНИНГ УЛУҒ МАДАНИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИ БОЙИТГАНЛАР!”
Пойтахтимизда ташкил этилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро нуфузли конференция қизғин суҳбатларга, ўзаро фикр алмашинувларга бой бўлмоқда. Унда ислом динининг тинчликпарвар ғоялари хусусида батафсил сўз юритилмоқда. Мазкур халқаро конференция исломнинг эзгу ғояларини тарғиб этишда олимларнинг якдил, ҳамжиҳат бўлишларига чорлаётгани билан ҳам аҳамиятли.
Кавказ мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайхул ислом Аллоҳшукур Пошозода бу нуфузли конференция ҳақида фикрларини билдирди:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат қурилишида шундай улуғвор меросга, бой маънавий манба ва чуқур мазмунли асосга таянадики, бу ютуқлар ўз номини тарихга зарҳал ҳарфлар билан ёздириб, Ўзбекистоннинг асрлар давомида чўққида бўлишига мустаҳкам кафолат беради. Ўзбекистоннинг Ибн Сино, Форобий, Беруний, Улуғбек каби олимлари, Имом Бухорий, Термизий, Мотуридий каби улуғ дин пешволари, Амир Темур ва Бобур каби буюк саркардалари, Алишер Навоий каби шеърият усталари ва бошқа кўзга кўринган тарихий шахслари башарият тарихига беқиёс ҳисса қўшиб, исломнинг улуғ маданий-маънавий меросини бойитганлар, шунингдек, Европа уйғониш даврига туртки берганлар.
Аллоҳга шукрки, ислом олами учун туганмас хазинага эга бўлган биродар Ўзбекистон ўзининг қудратли сиёсий етакчиси бошчилигида тарихий-маънавий миссиясини муваффақиятли давом эттирмоқда…
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати