Билмайман – фазилатли эътироф
Юқори технология ва ахборот асрида яшаяпмиз. Истаган саволингизнинг жавоби смартфонингизда. Интернетга жойланган катта ҳажмдаги маълумот манбалари бир қарашда мактаб ўқувчисини профессор билан тенглаштириб қўяётганга ҳам ўхшайди. Ана шу паллада айрим ғаразли кимсалар ўзлари интернетдан жавобини кўриб олган ва кўрган ўша жавобини тўғри деб билган саволини олимларни синаш учун беришмоқда ва баҳсга киришиб, уларнинг обрўсини тўкишни қасд қилишмоқда. Бундай ҳолатда аҳли илмларга “билмайман” сўзи ёрдамчи бўлгани кўп бора исботини топган.
Дарҳақиқат, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур шогирди, Ҳорун ар-Рашид даврида халифаликнинг бош қозиси бўлган Имом Абу Юсуфдан бир савол сўрашганида, “Билмайман”, деб жавоб беради. Шунда савол берган киши: “Шуни ҳам билмасангиз, нега маош оласиз”, деб таъна қилади.
Абу Юсуф: “Мен маошни билганларимга оламан, билмаганларимга олганимда давлат хазинасининг ҳаммаси ҳам етмаган бўлар эди”, дейди.
Кунларнинг бирида Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига узоқ юртдан бир гуруҳ одамлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб сўраб келишади. Бироқ Имом 40 та саволдан 36 тасининг жавобини билмаслигини айтади.
Улар: “Эй Имом, биз узоқ юртдан узун йўл босиб, фалон-фалон масалалардаги шубҳа-гумонларимизга барҳам берасиз, деган умидда келдик. Энди юртимизга қайтиб борганимизда бизни ана шу саволларга жавоб олиб келади, деб кутаётган юртдошларимизга нима деймиз”, дейдилар. Имом: “Уларга Молик билмас экан денг”, деб жавоб беради.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кимки ўзидан сўралган ҳар бир масалага фатво бераётган бўлса, билингки, у ақлдан озган” (Доримий).
Шунингдек, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Унга бирор нарса ҳақида савол билан мурожаат қилишса, у зот: “Шундай бўлганмиди?” деб сўрарди.
“Йўқ”, деб жавоб беришса, унда “Қани содир бўлаверсин-чи!” дерди (Хотиб Бағдодий).
Имом Шаъбий: “Билмайман, дейиш бу – илмнинг ярмидир”, деган эди.
Ушбу мисоллардан аён бўлмоқдаки, улуғлар жавоб беришга ҳар доим шошилмаган ва “билмайман” дейишдан истиҳола қилмаган. Бироқ ҳозирги кунда орамизда у ёки бу саволга жавобни билмаслигини тан олишга журъат этадиган инсонлар ниҳоятда кам. Таассуфки, бундай кезларда баъзилар бир нарсалар ўйлаб топишни ва ўз хулосалари билан жавоб беришни бошлайдилар.
Бинобарин, олим одамнинг ўзидан кутилган жавобни билмаслиги ва билмаслигини тан олиши осон эмас. Шунинг учун ҳам одамлар “билмайман” деган жавобдан қочиш учун ўзларининг ночор жавобларини таклиф қиладилар.
Модомики, пайғамбарларнинг имоми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари билмаган саволга Парвардигоридан хабар келгунича жавоб беришга шошилмаган эканлар, бу одамларнинг нима учун бундай қилишлари ақлга мувофиқ ишми!
Жубайр ибн Мутъима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссаломдан бир одам “Шаҳарнинг ичидаги энг ёмон жой қаер?” деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Билмайман”, деб жавоб бердилар. Шу онда Жибрил алайҳиссалом пайдо бўлди. У зот: “Ё Жибрил, шаҳардаги энг ёмон жой қаер?” деб сўрадилар. Жибрил алайҳиссалом: “Аллоҳдан сўраб ўрганмагунимча билмайман”, деб жавоб берди.
Шундан кейин Жибрил алайҳиссалом кетди ва Аллоҳ қанча вақтни ирода қилган бўлса, ўшанда келди ва: “Ё Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз мендан шаҳардаги энг ёмон жойни сўраган эдингиз ва мен сизга билмаслигимни айтган эдим. Мен Раббимиздан шу саволни сўрадим. Раббимиз: “Шаҳардаги энг ёмон жой – бозор”, деб жавоб берди”, деди (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси бўлганлари учун одамлар у зотнинг ҳар бир сўзига ишонсалар ҳам ўзлари билмаган нарсаларни айтмасдилар. Аллоҳнинг Расули, фаришталарнинг улуғи, саҳобийлар, мазҳаббошилар ва бошқа буюк олимлар “Билмайман”, дейишдан қўрқмасдилар.
Улар илмсизлик билан гапирганларга бериладиган жазони чегара сифатида қабул қилганлар ҳамда тавозени сақлаганларнинг қадр-қимматини билганлар.
Қачон сизга савол беришса ва сиз у саволнинг жавобини билмасангиз, билмаслигингизни айтишдан андиша қилманг. Қиёматда Аллоҳ таоло олдида илмсиз ҳолда жавоб берганингиз учун жазойингизни кутиб даҳшатда тургандан кўра, билмаганингизни айтиб, одамлар олдида хижолат бўлганингиз енгилроқ.
Ҳамма саволларга олди-ортига қарамай жавоб бериб, билимдонлиги билан мақтанган кимса ўзининг жоҳиллигини намоён қилади, холос. Аксинча, “Бу саволнинг жавобини билмайман, ўрганиб, кейин жавоб бераман”, деган киши олимдир. Шундай экан, аҳли илмларга қийинроқ савол бериб қолинса, тусмоллаб жавоб беришга шошилмасдан “Китоб кўриб ўрганиб жавоб бераман”, дейилса тузук бўлади, иншоаллоҳ.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.