Дунё масжидлари. Айюб Султон мажмуаси
Айюб султон масжиди Истанбул шаҳрининг Айюб туманида жойлашган. Бино ҳудудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқдори, буюк саҳобий Абу Айюб ал-Ансорий дафн этилган мақбара мавжуд. Мазкур мақбара ХIХ асрнинг бошларида бунёд этилган.
Масжид энг муқаддас иншоотлардан бири бўлгани сабабли усмонийлар империяси ҳукмдорларига тож кийдириш маросимлари айнан шу ерда ўтказилган.
Тарихи
Масжид улуғ саҳоба Абу Айюб ал-Ансорий шарафига номланган. Абу Айюб 670-йилларда Константинополь мусулмонлар томонидан илк бор қамал қилиниши чоғида вафот этган.
1453 йил Константинополь босиб олинганидан беш йил ўтиб, Фотиҳ Султон Муҳаммад Иккинчи бунёд эттирган ушбу масжиднинг қурилишига устози Оқшамсиддиннинг Абу Айюб ал-Ансорий дафн этилган жойда ёдгорлик қуришни орзу қилгани туртки бўлган. 1458 йил ушбу ҳудуддан ал-Ансорий қабри топилган ва унинг ёнида масжид барпо этилган.
XVIII аср бошларида Султон Аҳмад Учинчи масжиднинг иккита минорасини ҳозирги кўринишга келтирган. XVIII асрнинг охирига келиб, масжид турли хил офатлар, катта эҳтимол билан ўша вақтдаги зилзилалар натижасида вайронага айланган. 1798 йилда султон Салим Учинчи масжид минораларидан бошқа барча биноларини бузиб, қайта қуришни буюрган. Қурилиш ишлари 1800 йилда якунланган. Масжиднинг шарқий қисмида жойлашган минора 1822 йилда Маҳмуд Иккинчи томонидан илк бора яратилган кўринишига келтирилган.
Диний аҳамияти
Абу Айюб Ансорий Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бири сифатида ниҳоятда ҳурмат қилинади. Шу сабабдан унинг мақбараси жойлашган ҳудуд алоҳида аҳамиятга эга. Мақбара ҳовлининг шимолий томонида, масжиднинг намоз ўқиш хонасига асосий кириш эшиги рўпарасида жойлашган. Масжид, шунингдек, барча мусулмонлар учун ғоят қадрли иншоот саналади. Чунки унда Пайғамбар алайҳиссаломга тегишли деб ҳисобланувчи бир неча ёдгорликлар сақланади.
Кўргазмага қўйилган баъзи ёдгорликлар
Масжиднинг эътиборга лойиқлигининг яна бир муҳим сабаби, усмонийлар империяси ҳукмдорлари ва оила аъзоларининг кўплари ушбу ҳудудга дафн этилганидир. Масжиднинг ташқарисида 1918 йилда меъмор Камолиддинбей томонидан лойиҳалаштирилган Султон Меҳмед V мақбараси, бинонинг орқа томонида, Олтин Шоҳ ҳудудига кирувчи тепаликда Айюб қабристони жойлашган.
Бугунги кунда масжид маъмурияти камбағал оилалар фарзандлари учун хатна маросимларини ўтказиб беришни йўлга қўйган. Рамазон ойида мусулмонлар масжидда ифторлик қиладилар. Масжид йил давомида мамлакатнинг турли жойларидан ташриф буюрувчилар учун муборак зиёратгоҳ ҳисобланади.
Меъморчилиги
Масжид
Олиб борилган бир қанча таъмирлаш ва тиклаш ишларига қарамай, Айюб Султон масжидида XVI асрда Хўжа Синон томонидан қўлланган усмоний меъморчилигининг мумтоз услуби сақлаб қолинган. Масжид безакларининг катта қисми серҳашам услубда яратилган. Масжид устунларига ўйиб ишланган турли нақшлар, барглар усмоний каллиграфия асосида битилган. Масжид устунлари оддий услубда ўрнатилган. Дарвозалар, меҳроб ва минбарга ҳашаматли тўлқинли безаклар ишланган. Масжид, асосан, оқ тошдан қурилган. Баъзи устунлари жез билан боғланган оқ мармардан ишланган бўлса, баъзи безакларига олтин югуртирилган. Шунингдек, масжиднинг эски услубда қурилган иккита минораси ҳам мавжуд.
Тартибсиз усулда қурилган катта ташқи ҳовли тўртбурчак шаклда қурилган ички ҳовлига олиб боради. Ташқи ҳовлининг жануб томони бўйлаб кўтарилиб борувчи ёпиқ йўлак дастлаб султоннинг масжидга ва намозхона ичидаги хусусий айвонга кириш эшиги бўлиб хизмат қилган. Ташқи ҳовлида шодирвон (таҳорат олиш учун фаввора) ҳам жойлашган. Ички ҳовлининг бир томонидан масжидга, иккинчи томонидан Абу Айюб Ансорий зиёратгоҳига кириш мумкин. Ичкари ҳовлида қадимги чинор дарахти мавжуд. Масжидга кириш қисмидан бироз олдинроқда эса арк ва гумбазлардан иборат айвон бор.
Мақбара
Абу Айюб ал-Ансорий мақбараси масжид ички ҳовлисининг шимоли-ғарбий томонида. Кириш эшиги олдидан ҳовлининг боғ майдончаси бўйлаб чўзилган айвон жойлашган. Ичкарида гумбаз билан қопланган, анъанавий саккиз бурчакли шаклга эга қабр, ундан ҳам олдинроқда вестибюл жойлашган. Қабр саркофаги Султон Муҳаммад Иккинчи даврида Каъбадан олиб келинган кисва билан қопланган. Ёғоч ўймакор эшикларни эса Султон Абдулҳамид Иккинчининг шахсан ўзи ясаган. Мақбаранинг айвонга қараган девори турли даврларга оид кошинлар билан қопланган, 1798–1799-йилларда масжидни реконструкция қилиш жараёнида улар бирлаштирилган.
Бошқа бинолар
Масжид бир вақтлар мадраса, ошхона ва ҳаммомдан иборат каттароқ мажмуанинг маркази бўлган. Мадраса масжиднинг ҳозирги кўринишга келтириш бўйича қилинган реконструкция ишлари вақтида бузиб ташланган, аммо ҳаммонинг катта қисми сақланиб қолган ва ундан ҳозирги кунда ҳам фойдаланилмоқда (кийим алмаштириш хонаси ёғочдан ишланган янгироқ конструкция билан алмаштирилган). Масжид яқинида бир неча хайрия бинолари жойлашган. Масжидга энг яқин ҳудуддаги мажмуалардан бири Меҳришоҳ Султоннинг (Салим Учинчининг онаси) барокко услубидаги яхши ҳолатда сақланиб қолган иморати ва қабридир. Мажмуа Салим Учинчи томонидан масжидни реконструкция қилишдан бир неча йил олдин қурилган бўлиб, Абу Айюб ал-Ансорий зиёратгоҳининг ёрдамчи иншооти вазифасини бажарган.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.