Бағрикенглик – динимиз талаби
Бағрикенг халқимиз неча асрлардирки турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари билан тинч-тотув яшаб келаётир. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва бағрикенглик халқимиз табиатига хос фазилат.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқичга кўтарилди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро, фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди. Зотан, Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13).
Демак, инсониятнинг асли бир: ҳамма Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқалган. Аллоҳ таоло инсонларни турли халқ ва қабилаларга бўлиб юборганининг сабаби инсонларнинг ўзаро танишиши, ҳамкорлик қилиши ва маърифат ҳосили қилиш учундир.
Динимиз аввалданоқ бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Ҳатто ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мўмин-мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлишди.
Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Раббимиз ушбу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва дин вакилларига яхши муносабатда бўлишга буюради ва уларга нисбатан адолатли бўлиш лозимлигини таъкидлайди. Жумладан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “Улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъи назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Жумладан, Абдураҳмон Абу Лайло ривоят қилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларидан одамлар тобут кўтариб ўтишди. Шунда у зот ўринларидан турдилар. Кейин саҳобалар унинг яҳудий эканини айтишди. Шунда Расулуллоҳ: “У руҳ эгаси – инсон эмасми?!” дедилар”.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам, у зот бошлаб берган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси давом этди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилган.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни шундай изоҳлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлар эдилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳаб соҳибларидан бўлган олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бўлди”, деган экан.
Буюк фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” асарида мазкур оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муносабатда бўлинг”, деб қайд қилган.
Машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорик ут-танзил” асарида юқоридаги оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этган.
Бу каби бағрикенглик ва инсонпарварликка оид мисолларни Ислом тарихидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаларида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалар бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда.
Демак, ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъи назар, аввало, унга инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА,
Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси