Битта бўлса ҳам кўп
Дунёдаги барча дину таълимотлар инсонларни ҳалол яшашга, чиройли умр кечиришга, бир-бирига меҳрибон бўлиб ҳаёт кечиришга даъват этса-да, кишилик жамиятида турли-туман жиноятлар содир этилаётгани ва бу нохушликлар барҳам топиш ўрнига йилдан йилга янги усуллари, кўринишлари билан кўпайиб, боз глобаллашиб бораётгани Одам ато фарзандларининг нуқсонлари ҳали ҳамон барҳам топмаётганини кўрсатади. Айниқса, ҳуқуқбузарликлару жиноятлар аҳолисининг аксари тинчликпарвар, илмпарвар Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар бўлган юртларда юз бериши икки карра нохушликдир.
Дунёнинг исталган нуқтасини кўз олдингизга келтиринг: дини мубийнимиздан озгина хабари бор одам мусулмон кишидан фақат яхшилик умид қилишига, ундан асло ёмонлик кутмаслигига гувоҳ бўласиз. Демак, ана шу ишончга муносиб бўлишга ҳаракат қилмоғимиз, наинки, инсонларга, жамики тирик жонга, табиатга ҳам меҳр-муҳаббатли бўлмоғимиз шариатимиз талаби бўлиш баробарида бошқалар биздан кутадиган эзгу амаллар ҳам экан.
Ватанимизда жиноятчиликка қарши курашиш, одамларимизнинг тинч ва хотиржам яшашларини таъмин этиш масалалари Давлатимиз раҳбарининг назорати остида бўлгани боис бу борада катта ютуқлар қўлга киритилмоқда. Бироқ жиноятнинг қасддан одам ўлдириш, баданга оғир шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик ва фирибгарлик каби мудҳиш турлари сони ҳамон юқорилигича қолмоқда.
Нима учун ҳуқуқ тартибот органлари, фуқароларимизнинг, ёшларимизнинг тарбиясига масъул бўлган турли босқичдаги ўқув даргоҳлари, маънавият ва маърифат марказлари, маҳалла фаоллари кўчама-кўча, уйма-уй юриб жиноятчиликка қарши курашаётган паллада жиноятнинг оғир кўринишлари нега камаймаяпти? деган оғриқли савол фикр эгаларининг барчасини ўйлантириб келмоқда.
Негаки, олам аҳли тарбиянинг унчалик самараси бўлмаган усулидан фойдаланишда давом этмоқда: бола олдинига онасидан, отасидан, уйдан ҳатлаб кўчага чиққач, боғча опасидан, мактабдаги устозидан, ҳуқуқ тартибот идораларидан қўрқитилади. Лекин шуни унутмаслик керакки, буюк аждодимиз Маҳмуд Кошғарий таъбири билан айтганда, овчи тулкини тутишнинг қанча кўп усулини билса, тулки ҳам қочишнинг шунча кўп йўлини билади. Яъни бола аввал онасининг, сўнгроқ отасининг… кўзини шамғалат қилиб, улар тақиқлаган ишларни қилишга одатланиб боради ва улғайгунга қадар бу ишда хийла малака ҳосил қилади. Ана шу босқичларнинг ҳаммасини жамлаб болага Аллоҳдан қўрқиш кўникмаси ҳосил қилинса, бола тақиқланган ишларнинг бирортасини қилмайди. Чунки у Аллоҳ таолонинг кўзини шамғалат қилиб бўлмаслигини билади.
Президентимиз 2018 йилнинг 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ниҳоятда фойдали фикр айтгандилар: “Ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз”.
Дарҳақиқат, ота-онага фарзандига пиёлани синдирмаслик кераклигини тушунтириш фарзанди пиёлани синдириб бўлганидан кейинги уни синдирмаслик кераклиги ҳақидаги тушунтиришдан фойдали эканини ҳаммамиз биламиз. Шундай экан, фарзандларимизни авайлаб-асрайликки, турли шубҳали гуруҳларга қўшилиб қолиб, ахлоқсизликни, даҳрийликни, фаҳшни тонгга қадар тарғиб этадиган маишат масканларига қадам босиб қўйиб ўша ерлардаги нопокликлардан шишадек нозик қалби озор топиб қолмасин.
Жиноятнинг мояси маст қилувчи ичимликлар экани ҳақидаги машҳур ривоятни ҳаммамиз эшитганмиз. Аммо ёшларнинг, ҳатто аёл-қизларнинг майхўрлик қилиши ҳам жамиятимизга бегона бўлмай қолди. Айнан майхўрлик сабаб бўлиб, эр хотинига, келин қайнонасига, ака укасига пичоқ ўқталаётир ва бу ҳаракатларнинг аксари ўлим билан якун топаётир. Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг Ички ишлар вазирлигига таяниб берган маълумотида таъкидланишича, 2019−2023 йилларда Ўзбекистонда қайд этилган жиноятлар сони 2,3 баробарга ошган. Бу жиноятлар аксаран маст қилувчи, ақлни фалаж қилувчи нарсалар истеъмоли таъсирида юз бераётганига бутун жамиятимиз гувоҳ.
Аммо биргина инсоннинг жиноят кўчасига кириб қолишидан бутун жамият ташвишга тушиши керак. Мусулмонликнинг талабларидан бири ҳам – шу. Зеро, Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминлар ўзаро раҳму мурувватда, меҳру муҳаббатда бир жасад кабидирлар. Агар унинг бир аъзоси оғриб қолса, қолган аъзолари ҳам уни иситма ва бедорлик билан қарши олади”, дедилар» (Табароний ривояти).
Бинобарин, жамиятда бир жиноят содир этилса, ундан аввалига жабрланувчилар, сўнгроқ жабрланувчи азият чекади. Бунга жамият аъзолари бефарқ қараб тура оладими: улардан бирининг ҳолига ачинади; иккинчисидан эҳтиёт бўлиш чорасини кўради. Янада шиддатлиси, Раббимизнинг мана бу ояти каримасини эслаб қўрқувга тушади.
“Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир” (Анфол, 25).
Жонажон Ватанимизнинг ҳар бир фуқароси қайси миллатга мансуб бўлиши, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар давлатимиз ҳимоясида бўлиши баробарида жамиятимиз аъзоларининг ҳам эътиборидадир. Фақат замоннинг тезкорлигидан, инсон онгига таъсир ўтказувчи воситаларнинг такомиллашиб бораётганидан келиб чиқиб ана шу эътиборни янада кучайтирмоғимиз зарур. Ана ўшанда жиноятчиликнинг камайишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз, иншоаллоҳ,
Дамин ЖУМАҚУЛ