Саҳобалар ҳаёти. Улар бошимизнинг тожидир (Биринчи мақола)
Аҳли суннат вал жамоат эътиқодига кўра, саҳобалар севилиши вожиб бўлган, фазилатлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифда собит бўлган зотлардир. Аҳли суннатнинг ушбу зотларга муҳаббати ва боғлиқлиги туйғуси аввал бошданоқ мазкур фирқанинг ўзига хос хусусиятларидан бўлиб келган. Амаллари дин ва Қуръон бўлган саҳобларнинг хотирасини эъзозлаш, улар тарафидан Ислом динига туйилган муҳаббат ва садоқатни қадрлаш лозимлиги уқтирилган.
Саҳобаларнинг бирортаси ҳақида айтилган нобоп сўзлар (сабб-саҳоба) вақт ўтиши билан саҳобалар табақасини қоралаш кампаниясига айланиб кетишини ва бунинг асоси Қуръони карим бўлган динимизнинг бошқа шиорларини ҳам қамраб олиши мумкинлигини кўрсатиб берганлар ҳам аҳли суннат олимларидир.
Саҳобаи киромнинг фазилатлари ҳақидаги дастлабки илмларни Қуръони карим ўргатган. Муқаддас Китобимизнинг бир неча оятларида баъзида умумсаҳобалар, баъзида ансорлар ва муҳожирлар ёки фақат муҳожирлар, баъзан эса хос тарзда айрим саҳобалар ёхуд биргина саҳоба ҳақида сўз борган (Умумсаҳобалар зикр қилинган оятлар: Анфол, 64; Тавба, 88-89-,100; Фатҳ, 29; Оли Имрон, 172–174. Муҳожирлар ва ансорлар тилга олинган оятлар: Анфол, 74; Tавба, 117; Фатҳ, 18-19; Ҳашр, 8-9. Фақат муҳожирлар ҳақида сўз борган оятлар: Бақара, 218; оли Имрон, 195; Тавба, 19–22; Наҳл, 41-42; Нас, 58-59; айрим саҳобалар зикр қилинган оятлар: Анъом, 51-53 (Саъд, Ибн Масъуд, Билол, Суҳайб, Аммор ва Ҳаббоб розияллоҳу анҳумлар ва бошқалар).
Ушбу ояти карималарнинг ҳаммасининг умумий жиҳати шундаки, саҳобалар уларнинг ҳаммасида яхшилик билан тилга олинган. Аллоҳ таоло улардан рози бўлганини изҳор қилган (Tавба, 100), “танланган қуллар” дея таърифлаб салом йўллаган (Намл, 59) (Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятда салом берилган кишилар Пайғамбар алайҳиссаломнинг асҳоби эканини айтган. Қаранг, Суютий, Дуррул Мансур, Қоҳира, Ҳижр, XI, 388-89) ва “мўътадил уммат”, “энг хайрли уммат” (Бақара, 143; Оли Имрон, 110) мақтовларига сазовор бўлган зотларнинг изидан бориш бошиданоқ аҳли суннатнинг ўзига хос йўлларидан бўлган.
Бинобарин, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Аҳли суннатнинг асосий таянч нуқтаси асҳоби киромнинг йўлини ушлаш ва уларга тобе бўлишдир”, деганида аҳли суннатни бошқа бидъат фирқалардан айирган аломатга ишорат қилган (Абул Ҳусайн ибн Аби Яъло, Табақотул-Ҳанбалия, Саудия, 1419/1999, II, 166).
Аҳли суннат олимлари наздида, саҳобалар соҳиб бўлган қиймат ва ҳурматни энг чиройли ифода этганлардан бири Имом Шофеъийдир. У зот машҳур “Рисола”сида қуйидагиларни ёзган:
“Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобини ҳам Қуръони каримда, ҳам Таврот ва Инжилда мақтаган. Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва саллам эса улардан кейин ҳеч кимга насиб этмайдиган бир неча фазилатларни тилга олганлар. Инчунун, Аллоҳнинг амрлари ва Расулининг суннатларини бизларга етказган улардир. Аллоҳнинг Расулига ваҳий нозил бўлган чоқда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнида эдилар. Шунингдек, улар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ниятлари умумийми ёки махсус, мажбурийми (умум-хусус) ёки насиҳат (азм-иршод) эканлигини билишга муваффақ бўлганлар. Яна улар биз воқиф бўлган ва бўлмаган набавий суннатларни ҳам билганлар. Улар янги илм/ҳукм, ақл, ижтиҳод ва барча (диний) илмларни олиш имконини берадиган масалаларда биздан устундирлар. Фикримиз шуки, уларнинг (шахсий) қарашлари бизнинг шахсий қарашларимиздан устундир”(Байҳақий, Маноқибус-Шофеъий, Қоҳира, I, 442).
Аҳли суннат олимлари эътиқод масаласида таълиф этган ўнлаб ақида ва калом китобида бир тарафдан саҳобалар ҳақида ўз эътиқод ва ёндашувларини ифода этаркан, иккинчи томондан қарама-қарши ғояга эга бўлган мазҳабларга муносиб жавоб берганлар. Уларнинг бу амалларининг, шубҳасиз, катта маънолари бор. Бу ҳолатни фақат тарафкашлик ва фирқачилик ҳисси билан тушунтириш аҳли суннатга нисбатан адолатсизлик бўлади. Чунки уларнинг бундай ёндашувининг сабаби саҳобалар масаласи диннинг энг асосий масалаларидан эканини билганликларидир.
Дарҳақиқат, Қуръони карим ва суннати набавиянинг кейинги наслларга етиб бориши саҳобаи киромнинг заҳмати билан амалга ошган. Улар ўзларининг зиммасига юкланган вазифани аъло даражада бажарганликлари туфайли Ислом дини бошқа динларнинг бошига келган ўзгартиришлардан омон қолган. Шу нуқтаи назардан, саҳобаи киром ўзларидан кейин келган барча умматнинг бошининг тожидир, умматнинг улар олдида катта садоқат қарзи бор.
Бу миннатдорчиликка садоқатли бўлиш, саҳобаларни яхши сўзлар билан ёдга олиш, уларнинг эзгу амалларини эътироф этиш ҳамда Қуръони каримга мувофиқ иш тутиш демакдир.
Саҳобанинг иймони ва адолатидан шубҳа туйган тафаккур, шубҳа йўқки, бир неча қадамдан сўнг Қуръони каримнинг ишончлилигини ҳам баҳс мавзусига айлантиради. Тарих бундай нотўғри ёндашув оқибатининг шоҳиди бўлган. Аҳли суннатни саҳоба масаласидаги ушбу мавзуга ниҳоятда эҳтиёткор бўлишга ундаган сабаб ҳам аслида ана шудир.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.