Қандай яхши овоз!
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Куфа кўчасида кетаётиб, бир неча ёшларни кўриб қолди. Улар маст қилувчи ичимлик ичиб, қўшиқ айтиб ўтиришган эди. Уларга Зозон исмли бир йигит уд чалиб қўшиқ айтиб берар, овози жуда ширали эди.
Унинг овозини эшитган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Қандай яхши овоз! Қанийди Қуръон қироатига ишлатилса!” деб ридосини бошига ташлаганча ўтиб кетди.
Зозон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг гапини эшитиб, сўради:
– Ким эди у?
Зозонга унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси эканини айтишди.
Зозон удни синдириб ташлади ва Абдуллоҳ ибн Масъуднинг ортидан югурди. У зотдан Қуръонни ўрганди. Илмда имом бўлди. Кўпгина саҳобалардан ҳадис ривоят қилди.
Улуғларнинг ҳеч бир сўзига эътиборсиз бўлмайлик. Улар одамларни ўзгартиради. Бутунлай бошқа инсонга айлантиради.
“Ҳидоят” журналидан