Эзгу амал. Бағрикенглик – динимиз талаби
Халқимиз неча асрлардирки турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари билан тинч-тотув яшаб келаётир. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва бағрикенглик халқимиз табиатига хос фазилат.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқичга кўтарилди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро, фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан бири этиб белгиланди. Зотан, Яратган Парвардигор бандаларини бир-бирлари билан танишиб, тинч-тотув ва аҳилликда ҳаёт кечиришга буюрган:
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот, 13).
Ушбу ояти каримадан аён бўладики, динимиз аввалданоқ бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатган. Ҳатто ўзидан олдинги самовий динларни эҳтиром қилиш билан баробарида ўша дин аҳлларига чексиз мурувват кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мўмин-мусулмонлар ораларида яшайдиган аҳли зиммага мурувват кўрсатиб, бутун инсониятга ўрнак бўлганлар.
Бу борада Аллоҳ таоло бундай дейди: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана, 8).
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистондан келган насроний меҳмонларни ўз масжидларига туширганлар ва “Улар бизнинг саҳобаларимизни ҳурмат қилган эдилар. Мен ўзим уларни иззат-икром қилишни хуш кўраман”, деб шахсан ўзлари уларга хизмат қилганлар. Шунингдек, У зот элчи бўлиб келган Нажрон насороларини ҳам ўз масжидларида ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Набий алайҳиссалом ҳар бир кишининг қайси динга мансублигидан қатъи назар, аввало, унинг инсонлиги учун одамийлик нуқтаи назаридан ҳурмат қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Натижада Аллоҳнинг Расули боқий дунёга кўчганларидан кейин ҳам, у зот бошлаб берган бошқа дин вакиллари билан яхши муомалада бўлиш анъанаси давом этди. Умар розияллоҳу анҳунинг даврида Илиё аҳли насронийларига ўзлари сўраганларидан ҳам кўп имкониятлар берилди.
Тарихчилар Ҳорун ар-Рашид давридаги бағрикенгликни қуйидагича таърифлашган: “Масиҳийлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат ишларида бирга-бирга ишлардилар”. Халифа Маъмун ўз академиясига турли дин ва мазҳабга амал қилувчи олимларни тўплаб, уларга: “Илмдан нимани хоҳласангиз, баҳс қилаверинглар, фақат тоифачилик келиб чиқмаслиги учун ҳар ким ўз диний китобидан далил келтирмаса, бас”, деган эди.
Буюк фақиҳ Абу Лайс Самарқандий “Баҳрул улум” асарида юқоридаги оят тафсирида: “Ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муносабатда бўлинг”, деб қайд қилган.
Машҳур муфассир Абул Баракот Насафий “Мадорик ут-танзил” асарида юқоридаги оят шарҳида: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг, уларга сўз билан ҳам, иш билан ҳам яхши муомалада бўлинг”, деб баён этган.
Бу каби бағрикенглик ва инсонпарварликка оид мисолларни Ислом тарихидан, шунингдек, миллатимиз ўтмишидан жуда кўплаб келтириш мумкин. Исломнинг бош манбаида таъкидланган ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан қандай амал қилиниши ифода этилган кўрсатмалардан халқимиз ҳеч қачон оғишмади ва бу эзгу амални бугунги кунда ҳам давом эттирмоқда. Хусусан, ўтган асрнинг биринчи ярмида юз берган даҳшатли очарчиликда юртимизга нон излаб келган турли миллат вакилларини одамларимиз бағрига олди. Ёш болаларни ўз фарзандлари каби меҳр бериб улғайтириб, уйлантирди, турмушга узатди. Иккинчи Жаҳон урушида мамлакат ичкарисига кўчирилган инсонлар, депортация қилинган халқлар… уларга халқимиз уйларининг ярмини бўшатиб берди, кийим-кечакларини, яримта нонини баҳам кўрди…
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлаган Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон фаластинлик болалар ва аёлларни ўз шифохоналарида даволашга тайёрлигини маълум қилди.
Бинобарин, ҳар бир шахснинг дини, миллати, келиб чиқишидан қатъи назар, унга инсонлиги учун ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш башариятнинг олижаноб фазилатларидандир. Шундай экан, бағрикенглик, тотувлик, ҳамжиҳатлик асосида ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.
Бинафша ЖЎРАҚУЛОВА,
Ўзбекистон жаҳон тиллари университети талабаси