Дардимга Қуръон малҳам бўлди
Бундан 10 йилча аввал баҳор кунларининг бирида тонг пайти телефоним жиринглади. Жиянимнинг йиғи аралаш товуши эшитилди: “Холажон, тез уйимизга етиб келинг, онам дунёдан ўтди”. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Ахир, кечагина бирга бозорга борган эдик-ку. 54 ёшга кирган опам юрак хуружидан ўша тунда оламдан ўтибди.
Таъзия ўтди. Мен: “Опам энди бу дунёда йўқ, нафақага чиқаман, деб юрувди…” деб тинмай йиғлайман. Шунда ёши улуғроқ бир отинойи олдига чақирди. Қўлимни ушлаб оҳиста: “Жон қизим, кўп оҳ-воҳлаб, ўзингизни қийнаб, опангизга озор берманг. Ундан кўра жиянларингизга далда бўлиб, бу Аллоҳнинг иродаси эканини, ҳаммамиз ҳам бир кун келиб бу дунёни тарк этишимиз ҳақида уларга таскин беринг. Қуръон ўқинг, садақа, эҳсон бериб, опангизнинг ҳаққига дуода бўлинг”, деб насиҳат қилди.
Ўша куни отинойининг Қуръон тиловатини эшитиб, руҳимда енгиллик сездим, қалбимни эзаётган опамнинг айрилиғи бир зумда босилгандай бўлди. Қалбимга Қуръони каримни ўқиб-ўрганиш иштиёқи тушди. Бир ҳафтадан сўнг Бухорога – “Жўйбори Калон” мадрасасига бордим. У ерда аёл-қизлар имтиҳон асосида ўқишга қабул қилиниши, ҳозир қабул вақти эмаслигини тушунтиришди. Улар менга “Араб тили” курсини тавсия қилишди. Уларнинг хулқи, гўзал муомаласи кишини мафтун этарди. Аёлга хос жамики яхши жиҳатлар уларда жамланганини кўрдим. Қани эди, мен ҳам улардан бири бўлсам…
Шундай хаёллар билан бир неча ой ўқув курсида араб тилини ўргандим. Юртимизда Қуръон, тажвид курслари очилгунича алифбо ҳарфларини танийдиган бўлдим. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир илм олиш учун мадрасалар қошида очилган Қуръон курслари ҳамюртларимиз учун жуда қулай имкониятдир. Бундай фурсатлардан оқилона фойдаланиб, танимиз соғлигида Қуръони каримни ўрганиб, амрларини, ўгитларини ҳаётимизга татбиқ этайлик, азизлар…
Мақсад РАҲМАТОВА,
Жондор тумани “Хўжа Ҳайрон” маҳалласи отинойиси
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2024 йил