Инсон шаъни нима бўлади?
Айрим кимсалар мусибатга учраган одамга ёрдам қўлини чўзиш ўрнига унинг ҳолатини тасвирга олади ва шу куниёқ оламга достон қилади. Буни кўриб: “Тасвирга олгандан кўра ёрдам берсанг бўлмайдими?” деган савол очиқ қолади.
Яқинда ёш келинни эри пичоқлагани тасвири ижтимоий тармоқларда тарқалди. Бир оиланинг икки гўдаги бир кунда ота-онасидан айрилиб қолди. Онани қабрга, отани қамоққа элтишга сабаб бўлган бу мудҳиш воқеа нима мақсадда тасвирга олинди?! Эсиз вақт, эсиз одамийлик…
“Тасвирчи”лар “Буни олишимизга сабаб инсонлар огоҳ бўлсин” ёки “Масъуллар бу муаммони ҳал этсин”, деб ўзларини оқлаши мумкин. Лекин инсоннинг шаъни масаласи нима бўлади?
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчириб юборади. Одамларга гўзал хулқ ила муомала қил”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Анча вақт аввал ижтимоий тармоқда бир онанинг шифохонада фарзандини аёвсиз ургани тасвири ёйилган эди. Кўп ўтмай, мутасаддилар вазиятни ўрганиб, аёлга руҳий кўмак зарурлигини айтишди. Аён бўлишича, она оғир бетоб бўлган фарзандига бир неча кун ухламасдан туни билан қараб чиққан, уйқусизлик унинг руҳиятига салбий таъсир қилган. Бу вазиятда яқинлари кўмак бермаган. Бироқ тасвирлар кенг тарқалиб, бир оила ҳақида салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлиб қолди.
Айтмоқчимизки, бировни тасвирга олиб, оммага шарманда қилишдан аввал унга “Қандай кўмак бера оламан?” деб бир ўйлайлик. Бизнинг кўмагимиз бир инсоннинг ҳаётини, бир оиланинг шаънини сақлаб қолиши мумкин-ку ахир…
Тошпўлат АШУРОВ,
Когон шаҳри
“Мўминалар” журнали, 4-сон, 2024 йил