Эфиопияда ўтказилган халқаро Қуръон мусобақаси ғолиблари тақдирланди
Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳрида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш, чиройли тиловат қилиш ва азон бўйича 2- халқаро мусобақанинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди.
IQNA манбаси хабарига кўра, ушбу тадбир “Зайд ибн Собит” номли Қуръони каримни ёдлатиш уюшмаси томонидан ташкил этилиб, Эфиопия Ислом олий кенгаши кўмагида ўтказилди. Мусобақа расмий ва халқаро даражада кенг доирадаги иштирокчи номзодлар билан Аддис-Абеба стадионида бўлиб ўтди.
Бу йилги мусобақада 60 та давлатдан келган қори ва муаззинлар иштирок этди. Тадбирда федерал ва минтақавий исломий кенгашлар раҳбарлари, нуфузли уламолар, воизлар, ҳакамлар, 20 дан ортиқ араб ва ислом давлатларидан элчилар ҳамда дипломатлар иштирок этдилар.
Эфиопия Ислом олий кенгаши раҳбари Шайх Иброҳим Туфа ўз нутқида Эфиопиянинг Билол ал-Ҳабаший ва Нажоший ватани сифатида бундай тадбирни ўтказишдан мамнун эканини таъкидлади.
Шунингдек, “Зайд ибн Собит” Қуръон ёдлатиш уюшмаси директори Шайх Нуриддин Қосим ушбу мусобақанинг нафақат Қуръонга, балки туризмга ҳам хизмат қилаётганини таъкидлаб, Туризм вазирлигига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.
Мукофотланган шахслар ва ғолиблар
Ёпилиш маросимида бир нечта нуфузли шахслар тақдирланди:
Шайх Иброҳим Туфа – “Халқаро Ислом шахсияти” мукофоти билан;
Муҳаммад Ҳасан ал-Босо (Сенегал) – “Етакчилик ва юксалиш” мукофоти билан;
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ва меҳмонларга анъанавий Эфиопия кийимлари, қаҳва ва асал совға қилинди.
Мусобақа ғолиблари
Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш (эркаклар) – Муҳаммад Фуад ал-Каҳважи (Ливия) – 1-ўрин.
Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш (аёллар) – Руқайя Солиҳ (Яман) – 1-ўрин
Азон – Муҳаммад Арчан Абу Бакр (Индонезия) – 1-ўрин, Адам Жабраил (Эфиопия) – 3-ўрин
Қуръони каримни чиройли қоидали тиловат қилиш бўйича Абдурраззоқ аш-Шаҳавий (Миср) – 1-ўрин
Ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад нафақат Қуръони каримга бўлган муҳаббатни тарғиб этиш, балки исломий бирдамлик ва тинчлик ғояларини мустаҳкамлашдан иборатдир.
Илёсхон АҲМЕДОВ