Сабаблари бор…
Негадир бир неча аср бурун ўтган улуғларимизни хотирлаганда уларни фақат ўзининг соҳасини ўйлаган, ўшандан бошқа ҳеч нарса билан иши бўлмаган ўта зерикарли инсонлар сифатида тасвирлаймиз. Шунинг учун бўлса керак, уларнинг дафтар жилдларига ёки бошқа нарсаларга туширилган расмларига қараганимизда совуққон ва бепарво қиёфаларни кўргандек ҳис қиламиз ўзимизни.
Аммо ҳақиқий воқеликда улар қизиқувчанлик, ажойиб суҳбатдошлик, дилкашлик, ҳазил-мутойиба, юмор ва сатирада биздан хийла зиёда бўлишган. Янада эътиборлик жиҳати, уларнинг сатиралари лағвдан ҳоли бўлган ва ҳаётийлик асосига қурилган. Жумладан, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳам мутойибани ёқтирган ва қизиқарли суҳбатларга, ижодий ҳодисаларга эътибор қаратган. У “Мажолис ун-нафоис” асарида даврининг икки шоири ҳақида маълумот берар экан, бағоят кучли сатирани ҳам келтириб ўтган.
“Мавлоно Вайсий – котибликка машҳур эрди, аммо шеър ҳам айтур эрди. Асру сода ва гўл киши эрди. Фақир, балки кўпроқ ёронлар таажжуб қилурлар эрдиким, оё ул бу навъ содалиғ била назм нечук айтур эркин, аммо ғазаллари ёмон эрмас ва девони ҳам бордур…”
Иккинчиси,
“Мавлоно Соғарий – Соғар вилоятидиндур. Ҳирот шуароси силкида эрди. Маоши ўткунча тамаввули бор эрди. Аммо имсоки ғолиб эрди.
Ҳазрат Махдумий Нуран (Абдураҳмон Жомий – Д.Ж.) Макка сафариға азимат қилғонда, Вайсий ва Соғарий иккаласи мулозаматда борур изҳори қилдилар. Аммо Вайсий эшаги йўқ баҳонаси била ва Соғарий яна бир баҳона била ул сафардин қолдилар ва Амир Суҳайлий бу қитъани алар учун айтти ва эл ичида басе шуҳрат туттиким:
Вайсию Соғарий ба азми Ҳарам,
Гашта буданд ҳар душон сафари,
Лек аз он роҳ ҳар ду во монданд,
Он як аз бе харию ин зи хари”,
яъни Вайсий билан Соғарий ҳар икковлари Маккага сафар қилмоқчи бўлдилар. Аммо икковидан бири – эшаги йўқлиги учун, яна бири – ўзи эшак бўлгани учун у йўлдан қайтди.
Қитъани ўқиган кишида беихтиёр Макка сафаридан қайтган бечора шоирларни Суҳайлий нега бунчалик қаттиқ маломат қилган ва унинг таънаси Навоийга ҳам маъқул келган? мазмунида савол туғилиши табиий, албатта.
Бунинг боиси шуки, Абдураҳмон Жомий муршиди комил бўлган, улар эса мурид мақомида. Муриднинг пири узоқ ва машаққатли сафарга чиққанида аввалига ёнида бўлиши айтиб, кейин фикрини ўзгартиргани кўпчиликни ранжитган. Суҳайлийнинг қитъаси Навоийга шуниси билан нашъа қилган.
Дамин ЖУМАҚУЛ