Кутубхонамиз яна бир бебаҳо асар билан бойиди
Бу йил буюк давлат арбоби, дилбар шоир ва беназир олим Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллудига 542 йил тўлади. Шу муносабат билан кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида буюк бобокалонимизнинг дунёга машҳур “Бобурнома” асари янги нашрининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Унда таниқли олимлар, шоиру ёзувчилар, адабиётшунослар, журналистлар, Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходимлари, Ҳиндистон ва афғонистонлик бобуршунослар, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ўқитувчилари ва талабалари иштирок этдилар.
Китобни бобуршунос олим Ботирали Йўлдошев тайёрлаб “Очун” нашриётида 3000 нусхада чоп эттирган. Тадбир иштирокчилари таъкидлаб ўтганидек, ушбу нашрда олдинги нашрларда йўл қўйилган кўплаб хатолар тузатилган, камчиликлар тўлдирилган. Ботирали Йўлдошев ҳинд, урду, форс, инглиз тилларини яхши билгани ҳамда Ҳиндистону Афғонистонда Бобур ва бобурийлар қолдирган меросларни қайта-қайта бориб ўрганиб келгани, шунингдек, турли тилларга қилинган таржималарни синчиклаб ўргангани туфайли ушбу китобни олдинги нашларининг ҳаммасидан кўра пухтароқ тайёрлаган деб айтиш мумкин.
Тақдимот маросимини юртимиз вилоятларидаги Бобур Мирзо меросига қизиққанлар ҳамда дунёнинг кўплаб давлатлари олимлари онлайн равишда кузатиб борди ва ўрни-ўрни билан йиғилишда ўз фикрлари билан қатнашиб турди.
Дамин ЖУМАҚУЛ