Учта вилоят бош имом-хатиблари ўзгарди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров раислигида Сурхондарё, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларидаги бош имом-хатиблари иштирокида видеойиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ташкилий масалалар кўрилди. Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилиб, Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди.
Термиз шаҳри бош имоми ва “Мангузар” жоме масжиди имом-хатиби лавозимида ишлаб келаётган Расулжон Абдуллаев Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби вазифасига тайинланди.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Олтинтепа” масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаб келаётган Аҳмадхон Алимов Самарқанд вилояти бош имом-хатиби этиб тайинланди. Ушбу вазифани вақтинча бажариб келган Ёқубжон Мансуров бош имом-хатиб ўринбосари ва Самарқанд тумани “Хўжа Аҳрори Валий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек Раупов ҳам ўз ихтиёри билан лавозимидан озод этилиб, Зангиота туманидаги “Зангиота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида қолдирилди.
Тошкент тумани бош имоми ва мазкур тумандаги “Ҳасанбой ота” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Дониёр Икромов Тошкент вилояти бош имом-хатиби лавозимига тайинланди.