Масжид ал-Ҳаромда 28 тилда 4000 та Қуръон таржимаси китоблари тарқатилди
IQNA – Макка шаҳрининг “Ажяд” туманидаги даъват ва иршод уюшмаси умра зиёратчиларига 4000 дан ортиқ Қуръон карим таржималарини тарқатди.
“IQNA” ахборот агентлигининг “Al Rai” нашрига таяниб хабар беришича, ушбу Қуръон нусхалари “Қуръон нусхасини мерос қилиб қолдир” лойиҳаси доирасида умра зиёратчилари, мусулмонлар камчиликни ташкил этган давлатлардан келган зиёратчилар ва “Масжид ал-Ҳаром” атрофида яшовчи аҳоли учун тарқатилган.
Рамазон ойининг биринчи ўн кунлигида ушбу лойиҳа доирасида тарқатилган Қуръон карим маъноларини турли тилларда таржима қилинган китоблар сони 4009 тага етди. Ушбу китоблар Мадинадаги “Қирол Фаҳд” Қуръонни босиб чиқариш ва нашр этиш мажмуаси томонидан чоп этилган.
Макка шаҳрининг “Ажяд” туманидаги даъват ва иршод уюшмаси Рамазон ойи давомида зиёратчилар учун 20.000 дан ортиқ нусхадаги Қуръон карим китобларини тарқатишни режалаштирмоқда.
Бу уюшма Байтуллоҳ меҳмонларига тушунча бериш ва хизмат кўрсатиш ҳамда улар учун муносиб шароит яратиш бўйича “Масжид ал-Ҳаром” атрофида турли дастурларни амалга оширишга ихтисослашган уюшмадир.
Aвстралияда 800 нусхадаги Қуръон карим китоблари тарқатиш ва рўзадорлар учун ифторлик
Яна бир хабарда айтилишича, Саудия Aрабистони Ислом ишлари вазирлиги мамлакатнинг Aвстралиядаги элчихонасининг тарғибот бўлими орқали Рамазон ойи бошидан буён Aвстралияда рўзадорлар учун ифторлик дастурини амалга оширмоқда.
Рамазон ойи давомида Aвстралияда 7500 нафар рўзадор учун ифторлик тадбири амалга оширилиши ва шу ойда “Қирол Фаҳд номидаги Қуръон матбаа ва нашриёт мажмуаси” томонидан чоп этилган турли тиллардаги 800 нусхаги Қуръони каримнинг мамлакатга тарқатилиши режалаштирилган.
Робия ДАМИН қизи,
ЎзДЖТУ талабаси